«Янги йил совғаси карвони» етиб келди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан мамлакатимиздаги кўзи ожиз болалар учун мўлжалланган барча мактаб-интернатларга “Янги йил совғаси карвони” юборилди.

Карвон Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 10-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатига  ҳам етиб келди.

Шу муносабат билан мактаб интернатида байрамга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А.Бекмуратов, Қорақалпо­ғистон халқ ёзувчилари М.Низанов, А.Абдиев ва ­бошқалар сўзга чиқиб, болаларни янги йил билан табриклашди.

Мактаб-интернатига янги йил совғаси сифатида жами 32 номдаги брайл алифбосидаги китоб ва аудиокитоблар, замонавий спорт инвентарлари, турли хил чолғу асбоблари ҳамда ҳар бир бола учун махсус янги йил совғалари топширилди.

— Бугунги кунда мактаб-интернатимизда 80 нафар ўқитувчи, 62 нафар тарбиячи 224 болага таълим-тарбия бериб келмоқда, — дейди мактаб-интернати директори Ш.Қалилаев. — Агентликнинг ушбу акцияси бизда ўқиб, тарбияланаётган болалар қалбига ёруғлик олиб кириб, саломатлигини тиклаш, китоб ўқиб билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонаман.

Бизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиздан ҳамда агентлик раҳбарларидан миннатдормиз.

Тадбирда мактаб-интернати ўқувчилари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

А.Жиемуратов.