КАМ ТАЪМИНЛАНГАН 10 ТА ОИЛАГА ТУРАР ЖОЙ БЕРИЛДИ


Қонликўл туманида ногиронлиги бўлган, оғир турмуш шароитида яшаб фарзандларини тарбиялаётган 10 нафар аёлларга турар жойлар бошланғич тўловисиз берилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова, туман ҳокими Д.Толибаев ва бошқалар томонидан Президентимиз ташаббуси билан сўнги йилларда хотин-қизларга, айниқса, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва оғир шароитга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ижтимоий ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар алоҳида таъкидланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаёт­ган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори  ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу 2017-2021  йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича 2019 йилга белгиланган Давлат дастурининг тегишли бандлари ижросидаги амалий қадамларнинг бири бўлди.

Топширилган турар жойларнинг бошланғич тўловлари республика бюджетдан ташқари маблағлар ва Ўзбекис­тон Хотин-қизлар қўмитасининг Жамоат фонди ҳисобидан тўланди.

Тадбир сўнггида янги турар жойларнинг калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди ва туман ҳокимлиги томонидан ҳар бир уй эгасига музлатгич совға қилинди.

Шу билан бирга, ўша куни янгидан қурилган 150 иш ўринга эга, замонавий тикув машиналари билан таъминланган “Жайхун барака чеварлари” тикув цехи, “Қонликўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида барча қулайликларга эга давлат мактабгача ­таълим муассасаси, туман марказида Бантликка кўмаклашиш маркази биноси “Наврўз” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида “Наўше” давлат хусусий шериклиги асосидаги янги мактабгача таълим муассасаси, 180 ўринга мўлжалланган «Маданият маркази» иморатлари фойдаланишга топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.