БУГУНГИ ҚОНЛИКЎЛ


Мана, улуғ мақсад ва вазифалар билан янги 2020 йил ҳам кириб келди. Якунланган 2019 йилга назар солар эканмиз, юртимизда жуда катта янгиланишлар, ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳар бир соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юртимиз тараққиётини янада юксалтириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни тубдан яхшилаш, энг муҳими, одамларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Президентимиз ташаббуслари билан бугун Қорақалпоғистонда шу жумладан, барча туманларимизда янги ҳаёт бошланди, десак асло муболаға бўлмайди.

Кундан кунга чирой очиб, замонавий қиёфа касб этаёт­ган ҳудудларимиздан бири Қонликўл туманидир. Бугун Қонликўл туманига ташриф буюрсангиз янгидан қад ­ростлаган ижтимоий ва маданий объектлар, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида қилинаёт­ган эзгу ислоҳотларни кўриб, юртимизда инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

Айтиш жоизки, якунланган 2019 йил Қонликўл тумани ҳаётида муҳим воқеалари, йирик бунёдкорлик ишлари билан муҳрланиб қолмоқда.

Жумладан, 2019 йил 22 февраль куни Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда Қонликўл туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли топшириқлар берилган эди. Шунга мувофиқ, туман марказини ободонлаштириш, ижтимоий ва бозор инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш, йўл қурилиши, инженер коммуникация тармоқларини яхшилаш мақсадида 96 миллиард 799 миллион сўм маблағ ажратилди.

Маълумки, спорт  инсон саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида мамлакатни ҳам бутун дунёга танитади. Бугун спорт билан шуғулланиб, юртимиз байроғини баландларда хилпиратаётган, мамлакатимиз нуфузини юксалтираётган ёшларимиз талайгина. Дастур доирасида смета баҳоси 6 миллиард 645 миллион сўмлик “Жайҳун” стандионининг қуриб, фойдаланишга топширилиши туман ёшларини қувонтирди. Президентимиз ҳар бир маъруза ва нутқларида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиб бериш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мавқеини юксалтириш, фаоллигини ошириш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида қайд этади.

Тумандаги оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётган ҳамда яшаш шароити оғир 10 нафар аёл янги уй-жойлар билан таъминланди.  “Ўзпахтасаноат” акционерлик жамияти томонидан умумий баҳоси 2 миллиард 400 миллион сўмлик “Жайҳун барака чеварлари” тикув цехининг ишга тушиши натижасида эса, тумандаги 150 нафардан ортиқ хотин-қизлар янги иш ўринларига эга бўлишди.

Давлат хизматлари маркази, Бандликка кўмаклашиш маркази, маданият бўлимининг янги бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек,  туман тиббиёт бирлашмаси қошида 3 қаватли поликлиниканинг янги биноси ишга тушди.  1-ҳамда 10-сонли мактабгача таълим муассасаларида йирик реконструкция ишлари олиб борилди. 1- сонли давлат ихтисослашгтирилган умумтаълим мактаби, 18-сонли мактаб ҳамда Ёшлар марказида йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилди.  Туман Мудофаа ишлари бўлими биноси ҳамда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 19 та икки қаватли кўп квартирали турар-жойларда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди.  Алтынкўл гузари ҳамда “­арезсизлик” кўчаси бўйларида тижорат банклари томонидан 22 та замонавий  2 қаватли турар-жойлар янгидан барпо этилмоқда. Туман ҳокимияти биноси ҳамда туман марказида жойлашган “Мотамсаро она” ҳайкали атрофида ҳам реконструкция ишлари юргизилди.

Туман Давлат солиқ инспекцияси, Суд биноси, Халқ таълими бўлими бинолари, 9-21 сонли умумтаълим мактаблари биноларида йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан таш­қари, туман давлат санитария-эпидемиология марказининг янги биноси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлимининг янги биносида қурилиш ишлари олиб борилди.

Аҳолининг ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти, йўл қурилиши борасидаги муаммолари ҳам ижобий ҳал этилмоқда. Жумладан, Алтынкўл гузари кўчасининг 5 км ва  туман марказини кесиб ўтувчи «­арезсизлик», «А.Темур»  ва «Қарақалпақстан» кўчаларининг 5 км қисми асфальтланди ҳамда йўлаклар таъмирланди. 10 кВ ва 0,4 кВ электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида янгидан қурилиш, реконструкция ишлари,  юқори ва ўрта босимдаги газ ускуналари ва тармоқларида йирик таъмирлаш ишлари олиб борилди. 1,5 км ичимлик суви тармоқлари янгидан тортилди, 3,8 км ичимлик сув тармоқларида эса реконструкция ишлари амалга оширилди.

2019 йилги Инвестиция дастури доирасидаги ишлар учун 14 млрд 448 млн сўм ҳамда “Обод қишлоқ” дастури учун 25 млрд 679 млн сўмлик маблағ ажратилиб, ҳудудларда йирик кўламдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, туманда саноат маҳсулотлари ҳажми 101,9 фоиз, халқ истеъмол товарлари 100,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 108,5 фоиз, жами инвестициялар ҳажми 190,5 фоиз, қурилиш ишлари 112,0 фоиз, хизматлар кўлами 108,1 фоиз га ўсиши таъминланди.

2019 йилда туманда фаолият юритаётган саноат корхоналари томонидан 220,2 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Шундан 80,1 млрд ёхуд 36,4 фоизи кичик бизнес субъектларига тўғри келади.

Президентимиз ташрифи доирасида асос солинган “KANTEKS INVEST” масъулияти чекланган жамияти пахта хом ашёсидан калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, бугунги кунда корхонада 600 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Умумий ҳажми 38 миллион АҚШ долларига тенг бўлган корхонада йилига 10 минг тонна калава ип ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, корхона маҳсулотлари Туркия, Полша, Россия, Украина  каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари ­халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойиллари бугун барча даражадаги мутасадди раҳбарларнинг асосий фаолият мезонига айланди. Халқ билан бирга бўлиш, уларнинг ҳаётий муаммоларига ечим топиш, халқнинг дарду-ташвиши билан яшаш, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ўрни аҳамиятлидир. Бу борада туманда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  ўтган 2019 йил давомида  Халқ қабулхонаси туман бўлимига 185 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 178 таси ижобий ҳал этилган. Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг туман бўлимига келиб тушган 77 та мурожаатнинг деярли барчаси ўз ечимини топган.

Иқтисодиётимизнинг асосий бўғинларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда.  Ўтган йилда тижорат банклари томонидан 8 млрд 932 млн сўмлик кредит маблағлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида 11 млрд 867 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағлари  ажратилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугун Қонликўл туманида ҳар бир соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари аввало аҳоли манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлардир.

Феруза Нуруллаева.