Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Оролбўйи муаммоларига алоҳида эътибор қаратилиб, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича бошланган мисли кўрилмаган ишларни давом эттириш, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорларни кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари ҳудудида “яшил белбоғ”ларни яратиш масаласи таъкидланган эди.
Ўзбекистон экологик партияси ташаббуси билан Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат гуруҳ Мўйноқ туманида бўлиб, улар томонидан Орол денгизининг қуриган тубида саксовул ва бошқа чўлга чидамли экинларни экаётган ишчилар учун “Оролга мадад” акцияси ташкил этилди.
Акцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тажиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати И.Ҳушвақтов ва бошқалар сўзга чиқиб, бу ерда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Орол денгизи тубида жорий мавсумда 626 минг гектардан ортиқ майдонга саксовул, қандим, қарабарақ ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди.
Бугунги кунда ушбу эзгу ишларга республикамиздан ҳамда мамлакатимизнинг бир қатор вилоятларидан 1500 дан ортиқ ишчи, механизаторлар, 850 та техника, 4 та кичик самолётлар жалб қилинган. Жумладан, ўзларининг 500 дан ортиқ техникалари билан келган 900 га яқин ишчи ва механизаторлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ўрмон хўжалиги ходимлари ўз фаолликларини кўрсатмоқда.
Акция доирасида “Яшил белбоғ”ларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси билан биргаликда Мўйноқ туманидаги Мерес овулида жойлашган “Балиқчилар уйи” уй музейининг атрофида экология ва агротуризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилаётган “Орол денгизи боғи”нинг очилиш тантанаси бўлиб ўтди.
— “Оролга мадад” акцияси доирасида бутун Ўзбекистон халқига мурожаат қабул қилдик. Турли вилоятлардан икки тоннадан ортиқ саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларнинг уруғларини йиғдик, — дейди депутат И.Ҳушвақтов. — Биз бу ерда ўтган йилнинг декабрь ойидан буён вилоятлардан келиб ўзгарувчан иқлим шароитларига қарамасдан меҳнат қилаётган ишчиларнинг фидойилигига гувоҳ бўлдик.Мўйноқ туманида “Орол денгизи боғи”ни ташкил этдик. Биз олиб келган саксовул уруғларининг 20 фоизи униб чиқса ҳам бу ерда катта ўрмонзорлар пайдо бўлади, деб ўйлайман.
Тадбирда саксовул экиш ишларида фаоллик кўрсатаётган бир қатор ишчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Акция доирасида ишчилар учун дастурхон ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



