Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилояти ҳокими Ондасин Оразалин раҳбарлигидаги делегация икки кунлик сафар билан республикамизга ташриф буюрди.
Нукус халқаро аэропортида меҳмонлар тантанали кутиб олинди.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида делегация аъзоларининг қабул маросими бўлиб ўтди. Қабул маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов меҳмонларни республикамизга ташрифи билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги алоқалар хусусида тўхталиб ўтди. Жумладан, Ақтўбе вилояти билан ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида Ақтўбе вилояти ҳокими О.Оразалин самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ташрифдан кўзланган мақсад, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш салоҳияти билан яқиндан танишиш, келажакда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришишдан иборат.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кичик мажлислар залида республикамиз ҳамда Ақтўбе вилояти расмий делегациясининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ақтўбе вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлди.



