«2020 йилда ҳудудларда 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш бўйича 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг
Олий Мажлисга Мурожаатномасидан
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи, уларни баркамол шахс, етук, рақобатбардош, юқори малакага эга кадрлар қилиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, Муҳтарам Президентимизнинг юртимизда илм-маърифат, санъат маданият, спортни ривожлантиришга қаратилган тарихий ишлари асрларга арзигулик мазмун ва самара касб этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони биз спортчи ёшлар учун ниҳоятда аҳамиятли ҳужжат бўлди.
Тўғри, юртимизда охирги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мамлакат спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳоли соғлигини мустаҳкамлашга кўмаклашадиган аниқ дастурларнинг етишмаслиги, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт турлари бўйича юқори натижаларни таъминлайдиган маҳоратли спортчилардан иборат миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалаларида камчиликлар ҳам етарлича эди.
Қабул қилинган мазкур Фармон мамлакатимизда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаши билан бир қаторда, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиши билан ҳам қимматлидир.
Фармонга мувофиқ, жисмоний тарбия ва спорт тизимини 2025 йилгача ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди ва бу бўйича Концепция ҳамда Йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжатда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини йиллар кесимида 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан, олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 80 фоизгача етказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳужжатда юртимиз ёшлари орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олишнинг самарали ва шаффоф тўрт босқичли – ташкилот-туман (шаҳар) ҳудуд-республика тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш механизми аниқ ва равшан ёритиб берилган.
Қувонарлиси шуки, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари ўртасида “Болалар спорт ўйинлари”ни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар терма жамоаларига захира яратиш ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар спорт ўйинлари”ни ташкил этиш натижасида талабаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига эришиш тизими яратиб берилди.
Фармонга мувофиқ, юртимизда илк бора аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” синовларини ўтказиш ишлари амалга оширила бошланди.
Шунингдек, 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб босқичма-босқич олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш тизими жорий этилиши, спорт соҳасидаги илк бор кузатилган тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Биз ёшларни қувонтирган яна бир жиҳати шундаки, 2020 йилдан бошлаб, спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, спорт захирасини шакллантириш тизими йўлга қўйилади, ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари олий таълим муассасалари камида биттадан ривожланаётган миллий спорт турларига ихтисослаштирилиши бўлди.
Айни йўналиш бўйича ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари бириктирилган ҳудудларда, шу жумладан, маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш бўйича масъул этиб белгиланди.
Мазкур тарихий ҳужжатда 2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги таркибидаги спорт таълими муассасаларининг штат бирликлари доирасида спорт диетологи, спорт психологи, спорт фармакологи, массажчи ва селекция бўйича тренер лавозимлари ҳамда республика олий спорт маҳорати мактабларида ҳар бир спорт тури бўйича Бош тренер-селекционер лавозимининг жорий этилиши юртимизда илк бора кузатилаётган ҳодисадир.
Фармон билан юртимиз ёшлари учун яна бир имконият яратилдики, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-ёшларни олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилиш тизими яратилди.
Фармон асосида олий таълим тизимида фаолият юритаётган ҳурматли устозларимиз учун янада кенг имконият ва шароитларнинг яратилиши биз талаба-ёшларнинг ҳам кўнглида фахр ва ифтихор туйғусини пайдо этади, яъни, олимпия спорт турлари бўйича республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда (Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, Осиё ва Параосиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3 ўринлар) ғолиб бўлган олий таълим муассасалари талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонларни (доцент, профессор) тўғридан-тўғри бериш тартиби жорий этиладиган бўлди.
Қабул қилинган мазкур ҳужжат асосида 2020/2021 ўқув йилига қадар олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг давлат таълим стандартлари, малака талаблари ва фан дастурлари қайта кўриб чиқилади ҳамда битирувчиларга жисмоний тарбия ўқитувчиси ва ихтисослашган спорт тури бўйича тренер квалификациясини бериш амалиёти жорий этиладиган бўлди.
Нафақат биз таҳсил олаётган институтимизда, балки мактаб ва лицейларда, ҳатто ўзим туғилиб ўсган Тўрткўл туманининг чекка-чекка қишлоқларидаям спортни жону-дилидан яхши кўрадиган, давлатимиз байроғини жаҳонннинг юксак ореналарида баланд кўтаришни ният қилиб ҳаракат қилаётган ёшларимиз талайгина. Мазкур қабул қилинган Фармон эса, айни йўналишда Президентимизга камарбаста бўладиган ёшларга ва ҳурматли устоз-тренерларимизга дастуруламал, йўлчи юлдуз вазифасини ўташига ишончим комил!
Дилдора Қурбонова,
Ажиниёз номидаги Нукус ДПИ, Жисмоний маданият факультети 2-босқич талабаси.



