Биз зебу – зийнат талаб учиб юрган аёлмас,
Осмондан тушган бахтни қучиб юрган аёлмас.
Биз муҳаббат дардидан узилгувчи аёлмас,
Лек ҳар изҳорга кўнгли бузулгувчи аёлмас.
Биз йиғлаган ёнидан бефарқ ўтар аёлмас,
Лек, юртга юз бурганга шафқат этар аёлмас.
Биз тўрларда бемаврид сўз айтгувчи аёлмас,
Сўз айтмоқ керак жойда жим қайтгувчи аёлмас.
Биз ҳар куни фароғат кўшкидаги аёлмас,
Машаққатсиз рохатнинг ишқидаги аёлмас.
Биз шундай бир аёлки, нурга тўлар кўклари,
Асрай олса бизларни элимизнинг беклари.
Назира МАТЯКУБОВА.



