АЁЛ — ОИЛАСИ БАҒРИДА БАХТЛИ


Бугун мамлакатимизда аёл зотини улуғлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб бериш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Аёл ўз номи билан улуғ. Бугуннинг аёли ўз фаоллиги, ташаббускорлиги, ишчанлиги билан жамият ривожига, оила мустаҳкамлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Аммо, шундай бўлса ҳам орамизда аёл, она деган улуғ номга доғ тушираётган айрим кимсаларнинг борлиги ачинарлидир. Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга бўлган алоҳида эътибори, ғамхўрлиги, хал­қимизга хос бўлган бағрикенглик,  кечиримлилик каби фазилатлар туфайли ўз йўлидан адашган бир гуруҳ аёллар ҳаётида ёруғ ва саодатли кунлар бошланмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлларнинг афв этилиши мамлакатимизда бағрикенглик, инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир. Мана шундай қутлуғ айём арафасида билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ аёллар ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтиш имконига эга бўлди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда фирибгарлик, ўғрилик, одам савдоси каби жиноятларнинг айнан хотин-қизлар томонидан содир этилаётгани дилимизни хира қилади. Мен Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими ходими сифатида азалий қадриятларимиз бўлган оилани мус­таҳкамлаш, аёлни, онани улуғлаш, фарзанд тарбияси, никоҳ муқаддас ришта эканлигини ёшларга тушунтиришни ўзимнинг касбий ва оналик бурчим деб биламан. Тегишли мутасадди ташкилотлар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда ҳам қизларимизни катта ҳаётга тайёрлаш, тиббий кўрик, никоҳнинг аҳамияти, фарзанд тарбияси, оилавий муносабатлар ҳақида тушунчалар, маслаҳатлар бериб борамиз.

Юртимизда хотин-қизларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бир пайтда ҳар бир аёл, она оиласи бағрида бахтли, саодатли ҳаёт кечиришга ҳақлидир.

Е.Сабурова,

Нукус шаҳар ФҲДЁ ходими.