Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “COVID-19” коронавирус инфекцияси бўйича расмий баёноти


Барчамизга маълумки, 2019 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Хитойда ёввойи ҳайвон ва денгиз жониворлари сотувчиларининг бир гуруҳида ўткир нафас йўллари касалликлари, гриппга ўхшаш белгилар билан касалликлар аниқланиб, ривожланиши натижасида бир нечта давлатларга тарқалиб кетган эди. “COVID-19” номли ушбу касалликнинг олдини олиш учун Хитойда жуда кўп ўринга мўлжалланган шифохоналар қурилган эди, кўпгина давлатлар карантин эълон қилди, яъни чегараларни ёпиш, оммавий тадбирларни бекор қилиш, таълим муассасаларини вақтинча ёпиш ва бошқа бир қатор чораларни амалга оширган эди.

Карантинга амал қилиш, яъни, касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун кўрсатилган барча талабларга амал қилиниши натижасида 10 март санасига келиб Хитойда коронавирусга чалинган 13 мингдан зиёд одамларни даволаган 16 та шифохона беморлар соғайиб кетиши туфайли ёпилди, вирус билан касалланиш, яъни вазият яхши томонга ўзгармоқда.

Афсуски, мамлакатимизда ҳам ушбу касаллик аниқланди. Касаллик аниқланган аёл ва у билан алоқада бўлганларнинг барчаси аниқланиб, алоҳида махсус жойларда, бошқаларга касаллик юқмайдиган ўринларда  даволанмоқда, аммо хушёр бўлиш ҳеч кимга зарар қилмайди.

Маълум бўлганидек, ҳозирда дунё бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши халқимизни хавотирга қўймоқда. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада амалга оширилаётган карантин ва профилактик чора-тадбирлар бўйича қўшимча вазифалар ҳам белгиланди.

Мамлакатимизга коронавирус инфекцияси (COVID-19) нинг кириб келиши ва унинг олдини олиш бўйича Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари  асосида қатъий чоралар кўрилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир қатор вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Даволаш-профилактика муассасаларида юқори компетенцияга эга, яъни, махсус турда малакасини оширган шифокорларимиз бор. Шунингдек, ҳар бир шифохонада дизенфекция, шахсий ҳимоя воситалари ва дори – дармонлар захираси яратилган ҳамда пухта тайёргарликлар кўрилган.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди.  Унда бир қатор қатъий чоралар белгиланди.

Жумладан, мамлакатимиздаги барча мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларига шу йилнинг 16 март кунидан бошлаб таътил берилди. Наврўз умумхалқ сайиллари ҳам бекор қилинди. Оммавий тадбирлар, жумладан, кўпкари-улоқ ўйинлари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча тўхтатилади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан авиа ва автомобиллар қатновлари тўхтатилади. Юртимиз фуқароларининг хорижий давлатларга чиқиши, чет эл фуқароларининг мамлакатимизга кириб келиши таъқиқланди.

Ҳукумат карантин вақтида маҳсулотлар нархларини асоссиз кўтариш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўрмоқда. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва Давлат солиқ қўмитаси масъул этиб бириктирилди. Озиқ-овқат ва бошқа жамғармалар етарли даражада захира қилинган.

Шунингдек, карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган, одамларда ваҳима уйғотадиган хабарларни тарқатган шахс­ларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликка қадар бўлган чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 март куни Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида “COVID-19” коронавирус инфекция­си аниқланган эди. Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ва касаллик ­тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича барча профилактик чоралар амалга оширилмоқда. Назорат кучайтирилмоқда. Шунингдек, бемор билан алоқада бўлган барча оила аъзолари ҳам республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Мутахассисларимиз томонидан уларга тиббий назорат ўрнатилиб, ихтисослаштирилган лаборатория таҳлили ўтказилди. Таҳлил натижалари  беморнинг турмуш ўртоғи, ўғли, қизи ва набирасида коронавирус инфекцияси мавжудлигини кўрсатди. Шунингдек, ушбу инфекция Истанбул-Тошкент  йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам аниқланган.

Коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсиялар:

— қўлларингизни совун билан яхшилаб тез-тез ювинг;

— юз ва кўзингизни қўл билан ишқаламанг;

— имкони борича одам кўп йиғиладиган жамоат жойларига боришдан сақланинг;

— ҳайвонларга қўл теккизманг;

— кўпчилик фойдаланадиган буюмларни ушлаганингизда қўлингизни антисептик воситалар билан дизенфекция қилинг;

— йўталганда, бурун оққанда ва акси урганда оғиз билан бурунни букулган тирсак, енг ёки салфетка билан ёпинг. Сўнгра фойдаланилган салфеткани чиқинди қутисига ташланг ва қўлингизни ювинг:

— тумов ва грипп аломатлари бор одамлар билан мулоқотда бўлишдан тийилинг;

— касалликнинг дастлабки белгилари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг;

— хоналарингизни доимий шамоллатиб туринг;

Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги   халқни хавотирга тушмасдан, юқорида келтирилган тавсияларга тўлиқ амал қилиб, ўзингиз ва яқинларингизнинг саломатлигига эътиборли бўлишга чақириб қолади.

Д.Ходжиев,

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.