Бир йилда 131 та оила яраштирилди


Бугунги кунда жамиятимиз таянчи бўлган оилани сақлаб қолиш бутун дунё миқёсидаги долзарб муаммолардан биридир.  Оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ўзининг 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили “Халқаро оила куни” сифатида нишонлаш бўйича қарор қабул қилди. Мана шундан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам ушбу сана кенг нишонланиб келинмоқда.

— Инсонлар  бир бири билан учрашганда биринчи навбатда оилангиз тинчми, фарзанд­лар соғ саломатми, ҳамма омонми, деб ҳол аҳвол сўраши беъжизга эмас, — дейди Тўрткўл тумани “Оила” маркази бошлиғи Атаулла Нуриев. — Чунки, халқимиз оилани азал азалдан муқаддас деб билади. Бу қадрият сифатида асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Эътибор берган бўлсангиз, эндигина қадам ташлаётган норасида гўдак ҳам оила аъзоларини бошқалардан дарҳол ажратиб, уларга интилади. Инсонда оила ҳақидаги тушунчалар  болалик чоғлариданоқ шаклланиб, оилага бўлган меҳр эътибори ортиб  боради.

Ўтган йиллар давомида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масаласига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Туманимизда оилалар мустаҳкамлиги, ажримларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни халқимиз онгига сингдириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёр­лаш борасида “Оила” маркази туман бўлими томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йили туманимизда ажримлар сони106 та, ўтган йили 103 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 33 тага етди. Таъкидлаш жоизки, олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот ишлари натижасида ҳудудимизда оилавий ажримлар йилдан йилга камайиб бормоқда. Ўтган бир йил давомида 131 та оила ажралишининг олди олинди.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб “Оила” маркази қошида “Ёш келин-куёвлар инновацион мактаби” ўз фаолиятини бошлади. Шу кунга қадар туман ФҲДЁ бўлимига никоҳни расмийлаштириш мақсадида мурожаат қилган 400 га яқин ёшларга етакчи мутахассислар томонидан “Оила маънавияти”, “Ислом динида оила масаласи”, “Репродуктив саломатлик”, “Оила психологияси”, “Оила бюджети”, “Оилавий ҳуқуқий муносабатлар” каби мавзуларда ўқув машғулотлари ўтказилди. Эътиборлиси, бу ерда билим олган ёш оилалар ўртасида уруш жанжаллар, ўзаро келишмовчиликлар кузатилмади.

“Халқаро оила куни” муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 10-15 май кунлари оралиғида “Оила муқаддас” шиори остида “Энг яхши оилавий видеоролик” танлови ўтказилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, оила соғлом бўлса, жамиятимиз мустаҳкам, жамиятимиз мустаҳкам бўлса, юртимизда тинч­лик, фаровонлик, тўкин сочинлик бўлади.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.