Бугун коронавирус инфекцияси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб, иқтисодий инқирозларни юзага келтирмоқда. Мазкур пандемия сабабли мамлакатимизда ҳам бир қатор чекловлар жорий этилди. Эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратган ҳолда, айрим тадбиркорлик субъектлари фаолиятига рухсат берилмоқда.
Маълумки, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди. Таъкидланишича, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилади. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.
Дарҳақиқат, пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Мана шундай қийин вазиятларда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланадиган дастурларни амалга ошириш, бўш ва квоталанадиган иш ўринларига
ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай бўлса ҳам мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларида доимий иш ўринларини ташкил этиш, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлаш, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш масалалари куннинг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир.
Қонликўл тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ишсиз фуқароларни аниқлаш, эҳтиёжманд, кам таъминланган шахсларни ишга жойлаштириш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.
-Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида Қонликўл тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 457 нафар фуқарони ишга жойлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунгача 507 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди,-дейди туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Шухрат Джанашов.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар чорак якунида ишга жойлаштиришга муҳтож ҳамда иш билан банд бўлмаган аҳоли сонини аниқлаш бўйича мониторинг ўтказилиб келинмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги қарорига мувофиқ, ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли учун умумжалб этиш мумкин бўлган, алоҳида тайёргарлик ва малака талаб қилмайдиган, ҳақ тўланадиган вақтинчалик меҳнат фаолияти турлари ташкил этилган. Маълумки, банд бўлмаган шахсларни вақтинчалик маош билан таъминлаш ва уларни иш қидириш даврида моддий қўллаб-қувватлаш, ишсиз шахсларнинг вақтинчалик бандлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш, касбга эга бўлмаган илк бор иш изловчи шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш, турли сабабларга кўра (илгари бола тарбияси, бемор ва кекса оила аъзоларини парваришлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва бошқа сабабларга кўра) узоқ танаффусдан сўнг касбий фаолият билан шуғулланмаган шахслар меҳнатини реабилитация қилиш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларини ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида жамоат ишлари ташкил этилади.
Жорий йилнинг ўтган ойи давомида 1389 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, улардан 889 нафар фуқаро маҳаллаларни ободонлаштириш ишларига, 10 нафари уй-жой коммунал ҳамда бошқа инфратузилма объектларини қайта таъмирлаш ишларига, 367 нафари фермер хўжаликларига, 120 нафари саноат тармоқлари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларига, 3 нафари ногирон ва кекса ёшдаги беморларни парваришлаш каби ишларга жалб қилинган ва уларга Жамоат фонди ҳисобидан 597 миллион 145 минг сўм иш ҳақлари тўлаб берилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамоат ишларига жалб қилинаётган фуқароларнинг касбий маҳорати, иш тажрибаси, ёши, жинси ва бошқа хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, хавфли, зарарли ва оғир меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган жамоат ишига юборилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтказилади. Ўтган давр мобайнида 72 фуқарони касбга қайта тайёрлаш режалаштирилган бўлса, ҳозирги кунда 15 нафар хотин-қизлар “устоз-шогирд” анъанаси асосида “тикувчи-ҳунарманд” мутахассислиги бўйича қайта касбга ўқитилди ва уларга сертификатлар берилди.
Аҳолини иш билан таъминлашда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш аҳамиятлидир. Ёшлар, хотин-қизлар умуман, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, прокуратура ҳамда Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан жорий йилда 6 марта бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда 1 марта мана шундай меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, 13 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Эътиборлиси, ушбу фуқаролар 18-30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Туман ҳокимининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Туман ҳудудидаги ташкилот ва корхоналарда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида ихтисослаштирилган иш ўринларини ташкил этиш ва квота ўринларини белгилаш тўғрисида”ги қарори асосида тумандаги 43 та ташкилот ва корхоналарга 70 та квота ўринлари ажратилди. Шундан 12 нафар фуқаро квота ҳисобидан ишга жойлаштирилди. Жорий йилнинг шу кунига қадар оғир турмуш шароитида яшаётган 11 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган.
Бундан ташқари, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан томорқа ерлари учун енгил турдаги конструкцияли иссиқхоналар ташкил этиш мақсадида 91 нафар фуқарога 200 миллион 860 минг сўм, 50 нафар ишсиз фуқарога эса 21,6 гектар ер майдони ажратиб берилди. Касбга қайта тайёрлаш бўйича 2 та корхона томонидан 26 фуқарога 27 миллион 652 минг сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарори асосида шу йилнинг ўтган ойлари давомида 59 нафар фуқарога вақтинчалик ўзини ўзи банд қилиш гувоҳномалари берилган.
Хулоса ўрнида демоқчимизки, юртимизда пандемия шароити туфайли бироз қийин вазият юзага келган бўлса ҳам аҳоли ўз турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида меҳнат қилаётгани эътиборлидир.
Феруза Нуруллаева.




