Шу йилнинг 8 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари бешинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, вазирликлар, идора ва корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов очди ва бошқариб борди.
Дастлаб депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.
Сессияда давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус пандемияси шароитида халқимиз саломатлигини ҳимоя қилиш ва иқтисодиёт тармоқларига оид қабул қилинган фармон ва қарорларининг ҳаётимизда тутган ўрни, ишлаб чиқилган дастурлар асосида юртимизга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, пандемия таъсирини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларининг фаолиятини тиклаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтди.
Сессия йиғилишида “Қорақалпоғистон Республикаси прокурори тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимида ишлаб келган Х.Каримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан уни эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш масаласи бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси, 10-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори келишуви билан Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимига шу кунгача Тахиатош тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Алламбергенов Фархат Ембергеновичнинг номзоди таклиф қилинди ва унинг таржимаи ҳоли билан таништирилди.
Бу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Н.Йўлдошев сўзга чиқди.
Таклиф қилинаётган номзодни қўллаб-қувватлаб «Келтеминар» сайлов округидан депутат Ў.Аллабергенова, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Ахмедова, Кегейли тумани ҳокими М.Абдиров, «Кетенлер» сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ш.Уснатдиновлар сўзга чиқди.
Сессияда Ф.Алламбергенов Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори лавозимига тасдиқланди. У сўзга чиқиб, ўзининг бор билими ва тажрибаси, куч-ғайратини қонунчиликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга сарфлашини таъкидлади.
Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда «Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган фармон ва қарорларда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор ва соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.
Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ички ишлар вазири А.Темирханов, Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов, Миллий Гвардия ҳудудий бошқармаси бошлиғи М.Юсупов, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири А.Тажетдинов, «Марказий банк»нинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси бошлиғи Б.Алланиязовнинг ҳисоботлари тингланди.
Бу масала бўйича ҳам депутатлар тегишли қарор қабул қилди.
Сессияда «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси таркибига ўзгариш киритиш тўғрисида»ги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



