Яқинда Нукусдаги 31-сонли умумтаълим мактабида пандемия даврида янги ўқув йилига тайёргарлик ва умумтаълим мактабларини санитария-эпидемиологик талаблар асосида жиҳозлаш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида шу йилнинг 28 август куни умумтаълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб, унда мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида иккита — онлайн ва анъанавий равишда ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди. Янги ўқув йили эса 14 сентябрдан бошланиб, бу борада ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиш ва тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикасидаги 726 та умумтаълим мактабларида 300 мингдан зиёд ўғил-қизлар таълим олади. Бугунгидек қийин даврда ўқувчиларнинг пухта билим олиши, коронавирус пандемияси шароитида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 31-сонли мактабда ташкил этилган кўргазмали семинарда ушбу чоралар ўз аксини топган. Семинарда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ушбу мактабда санитария-гигиена талаблари асосида замонавий жиҳозлашнинг намунадаги кўриниши таништирилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
шарҳловчиси.



