Тадбиркорликни ривожлантириш масаласи муҳокама этилди


Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жараёнига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раҳбари А.Икрамов кириш сўзи билан очди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари-иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири А.Тажетдинов бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан карантин чораларига амал қилган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг доимий фаолиятини таъминлаш, шунингдек, фаолияти вақтинчалик тўхтатилган корхоналарни тиклаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Республикамизда карантин тадбирлари давомида айрим тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Президентимизнинг шу йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқи­роз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 11331 та тадбиркорлик субъектларига 11431,1 миллион сўмлик имтиёз қўлланилди.

Тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзларининг қўлланилиши фуқароларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, 274 тадбиркорлик субъектига 54356,8 миллион сўм солиқ имтиёзи қўлланилиши натижасида 3825 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш ва бизнесга жалб этиш бўйича жорий йилнинг январь-август ойларида 2558 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, шундан 421 таси оилавий корхона ҳисобланади. Йил якунига қадар 1848 та янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш режалаштирилмоқда.  

— Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2019 йил 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ўрганиб чиқилган эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев. — 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жорий этилган тартибга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳар қурилиши фаолиятини амалга ошириш учун фақатгина “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали бериладиган бўлди. Бугунги йиғилишда бу борада тадбиркорларга яратилган шароитлар юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

— Пандемия шароитида миллий иқтисодиётнинг бар­қарорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолига иш ўринларини яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш, кичик бизнесни ривожлантириш борасида 16 та фармон ва қарорлар қабул қилинди, — дейди Қорақал-поғис­тон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов. — Шунга мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикамизда 6321 та тадбиркорлик субъектларига 195 миллиард сўмдан зиёд солиқ имтиёзлари берилди. Бу Президентимиз томонидан тадбиркорларга яратилаёт­ган имкониятларнинг ёрқин ифодасидир.

Йиғилишда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам таъкидлаб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.