Қадрли ўқитувчи ва устозлар!
Соҳа фидойилари ва ҳурматли фахрийлар!
Аввало, ўз ҳаётини юртимизда ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ва унинг камолига бағишлаган ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилиб келаётган Сизларни 1октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклаймиз.
Халқимиз устоз деганда энг аввало чуқур билимга эга, юксак инсонийлик фазилатларини ўзида мужассам этган эзгу касб эгаларини тушунади. Шу боис ҳам азалдан фарзанд тарбиясига алоҳида масъулият билан ёндашиб, ўқитувчи деган улуғ касб эгаларига ўзгача ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, уларнинг меҳнатини юқори баҳолаб келган. Сабаби ҳар биримиз учун тенгсиз бойлик саналган ўғил-қизларимизга билим ва тарбия бериш, келажакка йўналтириш йўлидаги улуғ ва хайрли ишда сизларнинг меҳнатларингиз салмоқли эканлигини чуқур англаймиз.
Муҳтарам Президентимизнинг байрам муносабати билан юртимиз ўқитувчилари ва зиёлиларига йўллаган мурожаатидаги “Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз”, деган фикрлари Сизларнинг меҳнатингизга берилган юксак баҳодир.
Дарҳақиқат, инсон тарбиясида, унинг камол топишида устознинг ўрни ва хизматлари беқиёс. Бу йилги дунё юзида кенг тарқалган коронавирус пандемияси даврида ҳам ўқитувчиларимиз замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ёш авлодга билим беришни тўхтатмай, ўз касбига садоқат ва масъулият билан ёндашиб, фаолиятини самарали давом эттирмоқдалар. Шу боис, юртимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз бўйнига оладиган янги авлодни тарбиялашда, ислоҳотларни самарали амалга оширишда албатта, сиз, ўқитувчи ва устозларнинг, соҳа фидойиларининг билим ва тажрибангизга суянамиз ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишларингизни юксак баҳолаймиз.
Ҳурматли ўқитувчи ва устозлар!
Ўзларингизга маълум, ҳозирги вақтда таълим соҳасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг илғор усулларидан кенг фойдаланиш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш билан боғлиқ вазифалар янги босқичларга кўтарилмоқда.
Айниқса, юртимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда таълим тизимини янгича ривожлантириш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган эзгу ишлар, буларнинг барчаси халқимиз эътирофига, улкан бунёдкорликларга асос бўлмоқда.
Юртимиз тақдирини чуқур англайдиган, унинг янада гуллаб ривожланишига ҳисса қўшадиган янги авлодни тарбиялаш каби эзгу ишнинг бошида турганингиздан фахрланамиз ҳамда юртимизда тинчлик ва тотувликни, ўзаро ҳурмат –иззатни, меҳр -оқибатни асраб -авайлашда сизларнинг билим ва тажрибангизга суянамиз. Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга омонлик, халқимиз ҳаёти ва юртимиз келажаги билан боғлиқ эзгу ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз.



