Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида жаранг топган бу сўз бутун юртдошларимизни, айниқса, ота-оналар ва соҳа фидойиларини чексиз руҳлантириб, янада куч-ғайрат, шижоат бағишлагани айни ҳақиқатдир. Зеро, ҳар бир ўғил-қиз мактаб аталмиш улуғ даргоҳда таълим тарбия олиб, камол топади.
Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.
Халқимизда биз ҳар йили нишонлайдиган, орзиқиб кутадиган байрамлар, шонли саналар жуда кўп. Аммо, кузнинг иккинчи ойининг илк кунида нишонланадиган шундай бир улуғ байрам борки, бу кун ҳар бир инсон ҳаётида ўчмас, ёрқин из қолдиради. Бу кун ҳар биримизнинг қалбимизда гўзал, ширин хотиралар бўй чўзади. Бу кун уларнинг шарафли ва айни дамда масъулиятли меҳнатини яна бир бор қадрлаймиз, эътироф этамиз. Бу 1 октябрь -Ўқитувчи ва мураббийлар кунидир. Зеро, қўлимизга қалам тутиб, алифбони ўргатган, жамиятда ўз ўрнимизни топиб, шахс, инсон сифатида шаклланишимизда албатта ўқитувчи устозларимизнинг ҳиссаси катта.
Дарҳақиқат, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир. Маълумки, фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш таълим-тарбия соҳаси, ўқитувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади.
Сўнгги йилларда юртимизда таълим-тарбия соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш, шунингдек, ўқитувчи ва устозларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг иш ҳақини, жамиятдаги нуфузини ошириш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида мактабларда ўқув-тарбия жараёнларини сифат жиҳатидан ўзгартиришга, ўқитувчилар таркибини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Айниқса, буюк алломаларимиз, атоқли шоир ва адибларимиз номи билан аталадиган ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаблари”, Президент мактаблари каби мутлақо янги намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканларининг қурилиб, фойдаланишга топширилиши ёшларни буюк тарихимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ватанпарварлик ҳиссини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Қорақалпоғистон Республикасида жами 726 та умумтаълим мактаби, 1 та Меҳрибонлик уйи ҳамда 17 та Баркамол авлод болалар марказлари мавжуд бўлиб, уларда 355618 нафар ўғил-қизлар таълим-тарбия олмоқда. Жорий ўқув йилида 37071 нафар ўғил –қизлар 1-синфга қабул қилинди. Уларнинг пухта замонавий билим эгаллаб, баркамол инсонлар сифатида камол топишида албатта соҳада фаолият юритаётган 36040 нафар ўқитувчи мураббийларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Маълумки, иш самарадорлигига эришишда албатта яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар эътиборга олинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 10 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими бўлимига қарашли 18 та умумтаълим муассасаларида жумладан, 1 та янгидан қурилиш, 12 та реконструкция ҳамда 5 та капитал-таъмирлаш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, республика бўйича жами 14 та объектда реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ўрта махсус маълумотга эга педагог кадрлар ўрнини олий маълумотга эга педагоглар билан тўлиқтириш ишларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 2019-2020 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари, Нукус давлат педагогика институти ҳамда Қорақалпоқ давлат университетидан жами 885 нафар ёш мутахассислар ишга жойлаштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 700 нафар ёш битирувчилар оталиққа олинган бўлиб, шундан жорий йилнинг биринчи чорагида 220 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги катта хизматлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки боис соҳа фидойилари давлатимиз, ҳукуматимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда. Жорий йилги 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрамида ҳам қорақалпоғистонлик бир гуруҳ соҳа фидойилари юртимизнинг ана шундай юксак мукофотларига сазовор бўлишди.
Ўқитувчи меҳнатини ҳеч қандай сўз билан баҳолаб бўлмайди. Улар замин узра нур сочаётган қуёш каби ҳар бир инсон қалбига зиё улашиб, йўлини ёритади, ойдин манзиллар сари элтиб, одамийлик, эзгулик, яхшилик каби эзгу фазилатларни сингдиради. Билими, таълим-тарбияси орқали маънавий дунёмизни бойитиб, ҳақиқий ватанпарвар шахс сифатида тарбиялайди.
Мухтасар айтганда, ўқитувчи ва мураббийлар — Янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянч бўлади.
Ф.Нуруллаева.



