МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ЖАМИЯТНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИДИР


Маълумки, сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз фуқаролари миллатидан қатъи назар Ўзбекис­тон халқини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилаётгани кўп миллатли хал­қимизнинг ҳамжиҳатлигини якдиллиги таъминламоқда.

Дарҳақиқат, азал-азалдан юртимизда турли миллат ва элат вакиллари дўстлик,  биродарлик ва тотувликда яшаб, Ватанимиз тараққиёти, ривожи, фаровонлиги йўлида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб, меҳнат қилиб келмоқда.

Бугунги кунда туманимизда истиқомат қилаётган 130 минг 800 нафар аҳолининг 36 минг 556 (27,7фоиз)ни қорақалпоқлар, 60 минг 180 (43,3 фоиз)ни ўзбеклар, 32 минг 702 (27 фоиз)ни  қозоқлар, 152 (0,8 фоиз) ни руслар ва 1 минг 214 (1,2 фоиз)ни бошқа миллат вакиллари ташкил қилади.

Туманимиз иқтисодиётининг “ўсиш нуқтаси” сифатида нефт-кимё саноати ва чорвачилик соҳалари белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 ноябрда “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Туманимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январь-март ойларида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Халқ таълими бўлими, маданий марказларнинг туман бўлими ва бошқа бир қатор тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда “Миллатлараро бағрикенглик”, “Ўзбекистон –умумий уйимиз”, “Ягона оилада эзгу мақсадлар”, “Мен шу юрт фарзандиман”, “Жозиба”, “Миллий соз асбоблари”, “Дунё рақслари” мавзусида танловлар ҳамда маданий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, ўзбек адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, қозоқ адабиёти вакилларидан Абай Қунанбаев, Толеген Айбергенов ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кечалар ўтказилди.

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш орқали ишсизликни бартараф этиш ҳамда оилалар даромадини юксалтириш устувор йўналишлардан биридир. Бугунги кунда “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими аъзолари сони 138 нафарни ташкил этади.  Туманимизда ҳунармандчиликнинг 15 та  жумладан, “Гул босилган матолар”, “Мебеллар тайёрлаш”, “Ёғочдан тайёрланадиган халқ ҳунармандчилиги буюмлари”, “Металдан тайёрланадиган буюмлар”, “Миллий либослар” каби кўплаб турлари жуда яхши ривожланган.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобидан амалга ошириладиган дастурлар доирасида жорий йилда 57 ҳунармандга 1 миллиард 695 миллион сўмлик кредитлар ажратилди. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган ўқув курсларида 3 нафар ҳунармандга 14 нафар шогирд бириктирилди. Ҳозирги вақтда шулардан 2 нафари алоҳида иш бошлаб, уларга 9 нафар хотин-қизлар шогирдликка тушган. Улардан 6 нафари “Темир дафтар”га киритилган оила аъзоларидир. Шунингдек, ҳунармандлар устахоналарида мастер класслар ташкил этилди. Келгусида бу каби ишларни янада такомиллаштириб, ҳунармандчиликнинг бошқа турлари бўйича ҳам тўгараклар ташкил қилиш режалаштирилган.

Ҳозирги вақтда туманда туризм соҳасида 6 та меҳмонхона, 2 та меҳмон уйи ва 1 та туристлик фирма фаолият олиб бормоқда. Туристлик объектлардан “Барсакелмес” туз кўли, “Белеўли” ёдгорлиги, зиёрат туризми объектларидан “Бурахан ата”, “Даўит ата” зиёрат масканлари мавжуд. Шундан “Бурахан ата” зиёрат маскани реконструкция қилиниб, унга олиб борувчи “Раўшан” каналига янги кўприк қурилди. Туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 8 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 2 та лойиҳа, яъни “Оazis” меҳмонхонаси ва “Дарбент” хусусий корхонаси ишга туширилди. Шунингдек, “ARAL”, “DINUR”, “KUNGRAD” номли бир қатор замонавий овқатланиш шаҳобчалари томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳларга сифатли хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 28 майда қабул қилинган фармонига мувофиқ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги фонд маблағлари ҳисобидан “QONIRATLI INTIZAR» меҳмон уйига 11 млн. 150 минг сўмлик, “Оazis” меҳмонхонасига 32 млн.335 минг сўмлик ссудалар ажратилди.

Ҳозирги вақтда туманимиздаги 39 та фуқаролар йиғинларида турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келаётганини мамнуният билан эътироф этиш жоиз. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими томонидан хорижий давлатлардан қайтиб келган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, тегишли ташкилотлар билан биргаликда узоқ муддатга чет давлатларга кетган ва қайтиб келган фуқаролар базаси шакллантирилмоқда. Фуқаролар йиғинлари ва тегишли идоралар ходимлари томонидан миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, экстремизм ва миллатчиликнинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олишга эътибор қаратилиб, бу борада тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга чиқиб кетган шахсларнинг оила аъзолари рўйхати, уларнинг тўлиқ анкета маълумотлари, иш фаолияти ва шу каби маълумотлари тўпланиб, “узоқ муддат” электрон маълумотлар базасига киритилди. Бундай оиладаги шахслар тўғрисида маълумотлар таҳлил қилиниб, ўша фуқароларнинг уйларига бориб суҳбатлар ўтказилмоқда. Уларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб, муаммоларига ечим топиш чоралари кўрилмоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар берилмоқда.  

Туманимизда ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли 98,5 фоизни, христиан динидагилар эса 1,1 фоизни ташкил этади. Ҳозирги кунда ҳудудимизда “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди фаолият юритаётган бўлса, “Алтинкўл” фуқаролар йиғинида “Молла Исхақ” жоме масжиди ва “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғинида жамоат масжиди қурилмоқда.

Бугунги кунда туманимиздаги 49 та умумтаълим мактабида 24 минг 857 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олмоқда. Жумладан, 7 минг 390 ўқувчи қорақалпоқ тилида, 9 минг 220 нафари ўзбек тилида, 3 минг 321 нафари рус тилида ҳамда 5 минг 348 нафари қозоқ тилида ўқияпти. 2020 йил феврал ойида мактаб ўқувчилари ўртасида “Адабиёт кунлари” ҳамда  март ойида “Китобхонлик” танловининг туман босқичи ўтказилди.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида туман Ахборот-кутубхона маркази билан биргаликда “Энг яхши китобсевар оила” танлови ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди. 36-сонли мактабда “Энг китобсевар мактаб” шиори остида “Китоб дунёси” савдо маркази томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди. Бунда ўқувчи-ёшлар турли хил ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, рус ва жаҳон абадиётининг дурдона асарлари билан яқиндан танишиб, ўзлари мутолаа қилган асарлари, шеърлари, китоблари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Миллий маданий марказларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур, қулай шароитлар яратиш мақсадида тумандаги “Есемурат жираў” номидаги мусиқа мактабидан Қозоқ миллий маданий маркази учун алоҳида хона ажратилиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди. Тумандаги деҳқон бозори ҳудудида барча йўналишларни ўзида жамлаган ҳунарманд­лар бозорини ташкил этиш режалаштирилган. Умуман олганда, турли миллат ва элат  вакиллари истиқомад қилаётган туманимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиб бериш учун бор куч ғайратимизни, имкониятимизни ишга соламиз. Давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлган, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенг­ликни таъминлаш, дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик тармоқларини ривожлантириш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш, туризмни ривожлантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликдаги фаолиятини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Ю.Қалекеев, 

Қўнғирот тумани ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича бош мутахассиси.