ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Тадбиркор аёл” танлови тўрт йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳрида мазкур танловнинг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Танловда Чимбой тумани “Ақилбекова Гулнар” фермер хўжалиги раиси Гулнар Ақилбекова ҳам қатнашиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
— Фаолиятимизга уч йил бўлмоқда, — дейди Г.Ақилбекова. —Асосан, қизилмия ўсимлигини етиштириб, плантацияларда парваришлаб, уларни экспорт қиламиз.
Фермер хўжалигида қизилмия етиштириш бўйича йиллик даромад 3 миллиард сўмни ташкил этади ва 20 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Шунингдек, фермер хўжалигимизни кенгайтириш мақсадида бўш турган бинони ноль балансда олиб, аҳолига хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйдик. Бинонинг биринчи қаватида бир нечта савдо ўринлари, озиқ-овқат ва савдо шаҳобчалари, тамаддихона, компьютер хизмати фаолият юритаётган бўлса, иккинчи қаватида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида хусусий тиббий хизмат кўрсатиш марказлари иш олиб бормоқда.
Келгусида Россия давлати билан биргаликда шартнома асосида “Коронавирусга қарши вакцина билан даволаш маркази”ни очиш ниятидаман.
