МАҚСАД: АҲОЛИНИНГ ҲАЁТДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШИГА ЭРИШИШ


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги, унинг жойлардаги бошқармалари  томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати йилдан-йилга яхшиланиб, тезкорлик ва шаффофликни таъминлаш,  энг асосийси, фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қимматли вақтлари тежалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Натижада, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишлари керак» деган тамойил кундалик ҳаётимизда ўз исботини топмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташкил топган дастлабки йили  тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикасининг 17 та ҳудудида фаолият олиб бораётган Давлат хизматлари марказларида аҳолига 140 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017 йилда 7892 та, 2018 йилда 365866 та, ўтган йили эса жами 900 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган. Бу рақамларнинг ўзи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларига бўлган талаби йилдан-йилга ортиб бораётганлигини кўрсатади.

Бутун жаҳонни ларзага солган пандемия шароитида аҳолига доимий равишда давлат хизматлари кўрсатилиб келинди. Карантин қоидаларига қатъиян риоя қилинган ҳолда  барча хизмат турларини ўз вақтида  кўрсатишга эришилди. Шунинг натижасида жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 610 мингдан зиёд мана шундай хизматлар кўрсатилиб, халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганидан буён нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сайёр хизматлар кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Соҳа ходимлари ушбу ҳудудларда уйма-уйма юриб, муаммолари жойларда ўрганилиб, уларга кўрсатилаётган хизмат турлари, уларнинг афзалликлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериб бормоқда. Бунинг учун махсус жиҳозланган автобус ҳамда Дамас автомашиналари ажратилган бўлиб, барча шарт-шароитлар яратилган. Натижада жорий йилнинг бошидан шу кунга қадар 35 мингдан зиёд сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга жойида ечим топиш бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг бош ғояси саналади. Давлат хизматлари агентлиги ҳам бу борада кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Туман ва шаҳар марказларидан олис бўлган маҳаллаларда истиқомат қилувчи юртдошларимизга кенг имкониятлар яратиш мақсадида Қўнғирот туманидан 350 километр узоқликда жойлашган, жами 3265 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган «Қорақалпоғистон» ва 180 километр узоқликда жойлашган, жами 3970 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган «Жаслиқ» посёлка фуқаролар йиғинларида, Мўйноқ тумани марказидан 96 километр узоқликда жойлашган, жами 4471 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган «Қозоқдарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида, Элликқалъа тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган, 33897 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган “Сарабий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида, Беруний тумани марказидан 40 километр узоқликда жойлашган, 33897 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган Абай овули фуқаролар йиғини ва Тўрткўл туман марказидан 65 километр узоқликда жойлашган «Ёнбошқалъа» овул фуқаролар йиғини ҳудудида мана шундай филиаллар ташкил этилди.

Шунингдек, бошқарма томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатилиши устидан доимий равишда мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолидан 610 мингта  мурожаат қабул қилинган бўлиб,  кўриб чиқиш учун тегишли ваколатли органларга юборилди.

Ушбу мурожаатларни кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан 1605 ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Жумладан, 1538 ҳолатда муддат кечиктирилиши, 7 тасида ортиқча ҳужжат талаб қилиш, биттасида асоссиз бош тортиш, 59 тасида бошқа ҳолатлар кузатилган.

Давлат хизматларини кўрсатишда энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари бу сув таъминоти хизмати бўлиб, уларда 622 та, газ таъминоти корхоналарида 338 та, ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати корхоналарида 140 та ҳолат қайд этилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 10 та тақдимнома киритилди, 108 нафар шахс огоҳлантирилди, 135 нафар мансабдор шахс ва масъул ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2021 йилнинг 1 январига қадар «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви» ахборот тизимида архивларда қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Туман (шаҳар) ФҲДЁ архивларида жами 3 миллион 550 мингтадан зиёд акт ёзуви мавжуд бўлиб, шу кунгача “ФҲДЁ ягона электрон архиви” базасига 3 миллион 400 мингдан ортиқ (97%) архив ёзуви киритилиб, электрон шаклга ўтказилди. Бу ишларни муддаттида якунлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 145 нафар ёшлар 4 ой муддатга шартнома асосида ишга жалб қилинди.

Шу билан бирга бугунги кунгача Мўйноқ, Чимбой, Амударё, Қонликўл, Қўнғирот, Беруний, Тахтакўпир ҳамда Бўзатов туманларида давлат хизматлари марказларининг янги ва замонавий бинолари фойдаланишга топширилди. Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Тўрткўл, Қораўзак ва Шўманай туманлари давлат хизматлари марказларининг янги бинолари қурилиш ишлари якунланиш арафасида.

Фойдаланишга топширилган янги марказлар биноларида электрон навбат тизими жорий этилиб, мониторлар орқали давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­лари учун қулайлик яратиш мақсадида марказ биносида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, туман ФҲДЁ бўлими, нотариус ҳамда Адлия бўлимлари жойлаштирилди.

Бундан ташқари, янги марказларда кутиш заллари, болалар майдончалари, кутубхона, махсус кассалари, тиббиёт хонаси ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойлари ташкил қилинган. Бу фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, шунингдек, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар биринчи галда аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланишига муносиб улушларини қўшишдан, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлашдан иборат.

К.Артиков,

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи.