ОҲАНГГИ ЮРАКГА ТУТАШ ҚЎШИҚ


1992 йил 10 декабрь санаси мамлакатимиз давлатчилиги ва қонунчилиги тарихидаги муҳим сана ҳисобланади.

Сабаби, ўша куни давлатимиз рамзи “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, унга юксак эҳтиром билан қараш ва ардоқлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Бугун мадҳиямизнинг ҳаётбахш  садолари расмий ташрифлар чоғида, мамлакатимизга келган хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамлари, йирик халқаро анжуманларда, спорт мусобақалари очилишида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритган пайтида баралла янграб – Ўзбекистон давлатининг жаҳонда ўз ўрни ва нуфузига эга эканини исботламоқда.

Ҳар сафар мадҳиямизни тинглар эканмиз, унинг мусиқаси ва сўзида миллий руҳ ва улуғворликнинг кучли эканини ҳис этамиз.

Юрак-юракдан чиққан сўзлар ва бетакрор мусиқий оҳанг ҳар доим қалбимизда шу ватанга бўлган меҳр туйғуларини ошириб, унинг равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшишга куч-қудрат ато этади.

Мадҳиямизнинг ҳар бир сатрида халқимизнинг истиқлолни қўлга киритиш йўлидаги орзу-умидлари, ўз келажагига бўлган мустаҳкам ишончи, бағрикенглигию меҳмондўстлиги, илм-фанни эгаллашга интилувчанлиги ўз аксини топганини англаш қийин эмас.

Ҳар бир инсон боласининг энг дастлаб эшитган қўшиғи она алласи бўлса, ундан кейин эсимизни таниб ёд олган она ва ватан ҳақидаги қўшиқларимиз  доимо қалбимиз тўрида муҳрланиб, бизнинг ҳар кунги  улуғ ва хайрли савоб ишларимизга қанот бўлиб хизмат қилади.

Мана шундай бетакрор ва муқаддас қўшиқ бу – Давлатимиз мадҳиясидир.

Тилагимиз, ватанимиз мадҳияси жаҳон аро баралла янграйверсин, тинчлигимизга кўз тегмасин, мадҳиямизни ўз қалбига муҳрлаган ҳар бир ватандошимиз соғ-омон бўлсин.

Рауаж Отарбаев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.