ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ЎН УЧИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ


Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеомулоқот тарзида ўтган сессияда  сенаторлар, ҳукумат аъзолари, cекторлар ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари шаҳар ва туман студияларидан иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов кириш сўзи билан очди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, 2020 йилнинг сўнгги кунларидаги мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа – бу давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидир. Унда ўтган йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу йил олдимизда турган муҳим вазифалар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Жумладан, Президентимиз давлат ва жамиятни янада  ривожлантириш билан боғлиқ энг асосий йўналишлар, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қатор устувор вазифаларини белгилаб берди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ноанъанавий усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси билан бирга аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни манзилли ўрганиб бориш, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш  масалалари қўмитаси томонидан парламент назоратини кучайтириш, маҳаллий ва республика даражасида, яъни, Жўқорғи Кенгес ва Сенат Кенгашида эшитувлар ташкил этиш, парламент сўровлари юбориш, жойларда депутатлик ўрганишларни  олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Маҳаллий Кенгашлар томонидан давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб бориш, маҳаллий бюджет ижросига масъулият билан ёндашиш, ҳар бир туман ва шаҳарда  камбағалликни қисқартириш бўйича ишлаб чиқиладиган манзилли дастурнинг ижроси бўйича ҳисоботларни эшитиб, муҳокама қилиб бориш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича чора-тадбирлар дастурларининг ижросига жиддий эътибор қаратиш, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуд аҳолиси, сайловчилари билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиши, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 6 январь куни ўтказилган Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 12-14 январь кунлари туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида ҳам Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Албатта, мазкур вазифаларнинг жойлардаги ижроси Жўқорғи Кенгес ҳамда халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари депутатларининг диққат марказида бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини ўз муддатларида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилиш зарур.

Сессияда Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариевнинг маърузаси тингланди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида жамиятимизнинг барча жабҳаларига тўхталиб, ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йилда олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди. Дар­ҳақиқат, ўтган йил коронавирус пандемияси оқибатида бутун инсоният учун оғир кечди. Шундай бўлса ҳам, мамлакатимизда олиб борилган халқпарвар сиёсат, ижтимоий ҳимояга берилган катта эътибор туфайли осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этмоқда.

Албатта, бундай ижобий натижалар замирида ўтган тўрт йил давомида ­Президентимиз томонидан қабул қилинган аниқ мақсад ҳамда вазифаларни ўзида мужассам этган фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатлар халқимизнинг обод турмушини таъминлаш ҳамда уларга қулай шарт-шароит яратиш, иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, умуман, барча соҳаларни янада такомиллаштиришда муҳим асос бўлди.

Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги нутқида илгари сурилган ташаббус асосида, Оролбўйи минтақаси учун БМТ шафелигида Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосда Траст жамғармаси ташкил этилган эди. Ҳозиргача ушбу жамғармага келиб тушган маблағлар ичимлик суви, аҳоли саломатлиги ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, экология, ирригация-мелиорация тизимларини яхшилаш лойиҳаларига йўналтирилади.

Бугунги кунга қадар Орол денгизининг қуриган тубида “Яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида 1 миллион 167 минг гектар майдонда саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Бу ишлар ҳозирда ҳам қизғин давом этмоқда ва жорий йилда 450 минг гектар майдонда экилади.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг онлайн мулоқот режимида ўтказилган сессиясидаги нутқида эса Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технология­лар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича ташаббус билан чиқди.

Орол муаммоси бўйича ишларнинг мантиқий давоми сифатида, Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича доимий ишловчи қўмита  ташкил этилди. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш, шу жумладан, фуқароларимизнинг соғлиғини асраш, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш имкониятларини яратмоқда. Ўз навбатида, бундай кенг кўламли амалий чора-тадбирлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, уларни беқиёс яратувчанлик ишларига руҳлантирмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғис­тон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарор билан халқнинг ҳаётини яхшилаш ҳамда барча шаҳар ва туманларни, соҳаларни жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган келгуси уч йилга мўлжалланган 2 минг 788 та  лойиҳани ўз ичига қамраб олган дастур белгилаб олинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Оролбўйида яшовчи аҳолининг турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига хизмат қилади.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарлари, депутатлар мазкур Мурожаатномадан келиб чиқадиган долзарб вазифаларга тўхталишди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиханов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.