Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқини бутун халқимиз алоҳида эътибор ва қизиқиш билан тинглади.
Биринчи навбатда бу тарихий анжуман бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Чунки, юртимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги дунёнинг 169 та мамлакати томонидан қўллаб қувватланди. Бу бекорга эмас, албатта. Сўнгги тўрт йил ичида юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлатимизнинг бу борадаги тажрибаси жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Масалан, биргина болалар ва мажбурий меҳнатни келтириб ўтсак. Авваллари таълим муассасалари ўқувчилари ойлар давомида йиғим-терим мавсумида иштирок этарди. Эндиликда, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди. Маърузада таъкидланганидек, бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди.
Иккинчидан ёшлар масаласи. Ўтган йилнинг декабрь ойида илк маротаба ўтказилган Ёшлар форумидаги нутқида Президентимиз ёшларимизни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида эътироф этди. Бугунги кунда ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, “Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафар ишсиз ёшнинг бириктирилиши чиндан ҳам хайрли ташаббус сифатида тадбиркорларимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи ҳар бир юртдошимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиши баробарида келгусидаги ишларимизда катта масъулият талаб этади.
Нурлибай Қайпбергенов,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.



