ОИЛА ВА АЁЛЛАР МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ — ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ


Бугунги кунда Ватанимиз тараққиёти, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни  ва роли жуда катта. Аёлларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, сиёсий-иқтисодий ҳаётидаги барча соҳаларда хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маънавият, маданият ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш,  янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Мана шундай кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора ортиб бормоқда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, хотин-қизлар манфаатлари оила, маҳалла ва жамият манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг жами аҳолиси 1 923785 нафар бўлиб, шундан 957 886 нафарини (49,7%) хотин-қизлар ташкил қилади. Улар жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият кўрсатиб, ҳам оиласи фаровонлиги ҳам жамият тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 2 нафар,  Қонунчилик палатасида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 20 нафар ҳамда шаҳар, туман кенгашларида 133 нафар хотин-қизлар депутатлик фаолиятини олиб бормоқда. 

Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида 27 нафар қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан ҳамда 58 нафар аёллар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14  августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳар)ларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида” қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва туман (шаҳар)ларда Хотин-қизлар Жамоатчилик Кенгашлари тузилди.

Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 78 нафар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман (шаҳар) кенгаши депутатлари, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаси, 34 нафар Давлат мукофоти совриндорлари, 68 нафар кўкрак нишони соҳибалари, 28 нафар нодавлат ва нотижорат ташкилот раҳбарлари жами 303 нафар фаол раҳбар аёллардан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020  йил 23  июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 53 нафар қизлар давлат гранти асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинди.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа этиб белгиланиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.  Давлатимиз раҳбари 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида “Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди” дея таъкидлади.

Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор мажлисида “Аёллар дафтари”ни шакллантириш орқали хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш, ҳар бир аёлнинг муаммосини эшитиш, унга амалий кўмак бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида барча сектор ва комплекс раҳбарларига “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга йўналтириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

“Аёллар дафтари”ни шакл­лантириш мақсадида уйма-уй юриш орқали Қорақалпо­ғистон Республикасида 30 ёшдан ошган жами 349 959 нафар аёллар билан анкета-сўровномалари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори билан Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Вақтинчалик тартиб” тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикасида “Вақтинчалик тартиб” асосида ҳар бир туман ва секторлар кесимида маҳаллабай ўрганилиб, “Аёллар дафтари” га 30 ёшдан ошган 24 519 нафар аёллар киритилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар рўйхатлари ҳар бир туман, секторлар ва маҳаллалар кесимида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларида тасдиқланди ва бу рўйхат “Аёллар дафтари” ягона электрон платформасига киритилди.

Сўровнома натижаси бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, эҳтиёжманд аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий адаптация қилишга кўмаклашиш, психологик ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича барча шаҳар ва туманларда “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикасидаги 416 та маҳалла фуқаролар ­йиғинларининг ҳар бирида 10-15 нафардан жами 4809 нафар аъзодан иборат “Аёллар маслаҳат кенгаши” ташкил этилди. Барча маҳаллаларда “Аёллар маслаҳат маркази” учун ижтимоий объектлардан хоналар ажратилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси АТ “Халқ банк” республика бошқаруви раиси ва унинг тумандаги филиаллари раҳбарларининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди ва улар ўз ­фаолиятини бошлади. Уй-жойга муҳтож, оғир шароитда яшаётган 100 нафар хотин-қизларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан 1 млрд 565 млн. сўм бошланғич бадаллари тўлаб берилди.

Бугунги кунда республикамизда 541 нафар оғир ижтимоий аҳволда яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар мавжуд бўлиб, шундан 207 нафарининг бандлиги таъминланди. 25 нафарининг уйи таъмирланишига кўмаклашилди, 44 нафари уй-жой билан таъминланди, 191 нафарига реабилитация воситалари топширилди. Шунинг­дек, 25 нафар хотин-қизлар тикув машиналари билан таъминланган бўлса, 381 нафарига моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилда қатор ишлар олиб борилди. Оилаларни мустаҳкамлаш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш мақсадида олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 2019 йилга нисбатан ажримлар камайишига эришилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган 2020 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида халқимиз, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали таъминлаш бўйича кўпгина долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Айни дамда мазкур вазифалар ижроси  юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Шуни ҳам таъкидлаш ­жоизки, Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 70 мингга яқин хотин-қизларни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун банкдан 2 триллион сўм кредитлар ажратиш, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг контракт пули тўлови маҳаллий ҳокимлар ва олийгоҳлар томонидан қоплаб берилиши, бунда ҳар бир вилоят ҳокими маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафар, ҳар бир олийгоҳ 50 нафардан хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаб бериши белгиланди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган 1,5 мингдан зиёд аёлларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун 30 миллиард сўм ажратилади.  Бундан ташқари мазкур видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар ҳаётига оид кўпгина масалалар юзасидан топшириқлар белгиланди.

Ўйлаймизки, бу каби ислоҳотлар юртимизда инсон  ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, хотин-қизлар ва ёшлар манфаати доимо давлатимиз эътиборида эканлигидан далолат беради.  

Марям Аҳмедова,

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари.