ЮРТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


Барчамизга маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида республикамизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

11 ноябрда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда республикамизни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасида келгуси 3 йил давомида амалга ошириладиган ишлар орқали бир қатор ижобий натижаларга эришиш назарда тутилган.

Жумладан, 2020-2023 йилларда 2803 та лойиҳа ва объектларда 21 трлн. 209 млрд. сўмлик кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгиланган.

Биринчидан, ҳудудий инвестиция лойиҳалари ва саноат кластерларини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 12,3 трлн. сўмлик 1359 та лойиҳа амалга оширилади.

Хусусан, саноат соҳасида қиймати 9,3 трлн. сўмлик 374 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 1,6 трлн. сўмлик 440 та, хизмат кўрсатиш соҳасида қиймати 1,4 трлн. сўмлик 545 та лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган.

Қарорда Нукус шаҳри ва барча туманларнинг ўсиш нуқталари (“драйвер” соҳалари) белгиланган бўлиб, ҳар бир туман (шаҳар)ни жадал ривожлантириш ҳамда мавжуд муаммоларни тез ҳал этиш мақсадида уларга вазирлик, идоралар раҳбарлари ҳамда банклар бириктирилган.

Жумладан, Нукус шаҳрининг ўсиш нуқтаси қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати йўналишларига ихтисослаштирилган бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокими, қурилиш вазири ва АТБ “Асака” банки бириктирилган.

Шунингдек, Бўзатов туманида ўсиш нуқтаси чорвачилик, иссиқхоналар ташкил этиш бўлиб, унга Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва АТ “Халқ банки”;

Мўйноқ туманида ўсиш нуқтаси  балиқчилик ва чорвачиликка ихтисослаштирилиб, Бош прокурор ва АТБ “Ипотека банки”;

Тахтакўпир туманида ўсиш нуқтаси чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослаштирилиб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари ва АТБ “Агробанк”;

Шўманой туманида ўсиш нуқтаси тўқимачилик саноати, кунжутни қайта ишлашга ихтисослаштирилиб, Энергетика вазири ва АТБ “Турон банк”;

Тўрткўл туманининг ўсиш нуқтаси сифатида шиша ва ойна ишлаб чиқариш, иссиқхоналар ташкил этиш белгиланган бўлиб, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси ва “Ўзмиллийбанк”АЖ бириктирилган.

Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини янада такомиллаштириш учун Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчилари республиканинг салоҳиятини ўрганиб чиқишди.

Қорақалпоғистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш мақсадида йиллик экспорт ҳажмини 347 млн долларга, экспорт қилувчи корхоналар сонини 250 тага, экспорт географиясини 45 та мамлакатга етказиш ҳамда экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар турини 30 дан ошириш белгиланган бўлиб, 2021 йилнинг январь ойида жами экспорт ҳажми 34,1 млн. долларни ташкил этди ва 50 та  экспортёр корхоналар томонидан дунёнинг 28 та давлатига маҳсулот экспорти амалга оширилди. 

Шу билан бирга экспорт географиясини диверсификациялаш, янги бозорларга чиқариш ва экспорт рақобатини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқарувчи корхоналарни янада кўпайтириш, мавжудларини модернизация қилишга эътибор қаратилмоқда.

Дастур доирасида олдин ҳудудимизда бўлмаган шифер, битум қорақоғоз, траветин, лак бўёғи, картон, ванна, суюқ стекло, картошкадан чипс, брезент ва гавордин мато каби 9 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қайд этиш керакки,  жорий йилда 5,3 трлн. сўмлик 592 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилади (2020 йилда жами 4,5 трлн. сўмлик 707 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 4 минг 371 та янги иш ўринлари яратилган). Шу йилнинг январь-март ойлари ҳолатига 85,2 млрд. сўмлик 41 та лойиҳа ишга туширилди ва 208 та янги иш ўринлари яратилди.

Қарорда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 45 мингдан ортиқ, жумладан, 2021 йилда 18 минг 263 та янги иш ўринлари яратилади ва ишсизлик даражаси 13,2 фоиздан 8,5 фоизга туширилади.

Жорий йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 22 минг 41 та янги иш ўринларини ташкил этиш белгиланган.

Хусусан,

-11 минг 136 та иш ўринлари инвестициявий лойиҳалар ва ижтимоий инфратузулма;

-10 минг 905 та иш ўринлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан яратилади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун муҳтож оилаларга 27 минг 582 гектар ер майдони ажратилиб, 30 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Иккинчидан, 2021 йилда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузулмаси объектларида 581,2 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Учинчидан, 76 та ижтимоий соҳа объектларида 339,8 млрд. сўмлик қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

21 та давлат, 400 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари биноларини қуриш, 55 тасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, 20 та мактабгача таълим ташкилотини давлат хусусий шериклик асосида ташкил этиш;

7 та умумий ўрта таълим мактабини қуриш, 101 та мактабни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шу асосда умумтаълим мактабларида ўқувчи ўрни коэффициенти 1,1 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш;

32 та тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва хусусий тиббиёт ташкилотларини ташкил этиш, шу асосда тиббиёт муассасаларининг қабул қилиш қувватини 20,4 мингга, ўринлар сонини 7,1 мингга етказиш;

21 та маданият объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шу асосда аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш;

181 та мактабни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига киритиш ва 3 мингдан ортиқ ёшларни компьютер дастурлаш асосларига ўргатиш орқали рақамли технологиялар йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш, уларга керакли билим ва кўникмаларни бериш;

39 та спорт объектини қуриш, реконструкция қилиш, қўшимча 83 минг аҳоли ва ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш, шу асосда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш;

7 004 та хонадонли 235 та замонавий кўп қаватли уй-жойлар мажмуасини барпо этиш шунингдек, ёш оилалар ҳамда кам таъминланган аҳоли учун 2084 хонадонли 36 та арзон уй-жой қурилишини ташкил этиш орқали уларнинг яшаш шароитини яхшилаш.

Тўртинчидан, мазкур қарорнинг 12 иловасидаги шароити оғир бўлган 45 та маҳалла ва овулларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун 3 трлн. сўмлик маблағлар ажратилиши белгиланган.

45 та шароити оғир бўлган маҳалла ва овулларда янгидан ташкил этилаётган хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига 2026 йил 1 январга қадар алоҳида солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган.        

Ривожланиш даражаси паст бўлган 3 та туман, яъни Тахтакўпир, Бўзатов, Шўманой туманлари учун алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, 409 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Мазкур туманларнинг инвестициявий салоҳиятини ошириш мақсадида янги саноат корхоналарига 2024 йил 1 январга қадар солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган.

Қорақалпоғистон Республикасидаги енгил саноат ва тўқимачилик корхоналари томонидан, жумладан 9 та йирик корхоналарда жами 45,7 минг тонна пахтани қайта ишлаш қуввати мавжуд бўлиб, бу қувватлар пахтанинг 49,2 фоизи қайта ишланишини таъминламоқда.

Хусусан, 2020 йилда Қонликўл туманидаги “Кантекс инвест”МЧЖ да 7957,4 тонна 173,5 млрд. сўмлик ип калава ишлаб чиқарилиб, шундан 10639,4 минг долларлик 4563,0 тонна ип калава экспорт қилинган (йиллик қуввати 11 минг тонна калава);

Элликқалъа туманидаги “Бўстон мега текстил” МЧЖ да 51,9 млрд. сўмлик 2735 тонна ип калава ва 260,7 минг м.кв джинси мато ишлаб чиқарилиб, шундан 1 млн. 937,6 минг долларлик 1 минг 44 тонна ип калава экспорт қилинган (йилик қуввати 5000 тонна ип калава ва 10 млн. метр квадрат джинси матоси);

Мамлакатимизда пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини ошириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича бир қанча инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳудудий инвестиция дастурида тўқимачилик соҳасида умумий қиймати 1,12 трлн. сўмлик 40 та устувор лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу корхоналар томонидан йилига 459,5 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 4264 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Ҳудудда 2020 йилда 63857 тонна пахта толаси, 26757 тонна ип калава ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда 78335 тонна пахта толаси ва 66585 тонна ип калава ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, 2020 йилда 504 тонна мато ва шулардан 8,0 млн. дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 2022 йилда 25990 тонна мато ва 14 млн. дона тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Чимбой туманида “Zang  Tex” (ип калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш) лойиҳа қиймати 103,7 млрд. сўм, шундан 7,5 млн. доллар хорижий кредит, 2,5 млн. доллар хорижий инвестиция ҳисобидан амалга оширилади ва 2021 йилнинг июнь ойида ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилиги 4,0  минг тонна ип калава ишлаб чиқарилади ва 100 фоиз (8,8 млн. доллар) экспортга чиқарилади. Бюджетга қўшимча 1,4 млрд. сўмлик маблағ туширилиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш етакчи соҳаларнинг бири бўлиб, дастурга мувофиқ, шу йўналишда умумий баҳоси 2.7 трлн сўмлик 150 та лойиҳа амалга оширилади ва натижада 2640 та янги иш ўринлари яратилади.

Лойиҳалар қуввати 1,1 трлн. сўмни ташкил этиб, экспорт нарҳи 3,0 млн. доллар импорт ва ушбу ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши натижасида 51,5 млн. долларга тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилишига эришилади. Кутилаётган бюджет тушуми миқдори 145,3 млрд. сўм.

 2021 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган йирик лойиҳалар Қораўзак, Мўйноқ ва Тўрткўл  туманларида жойлашган. Жумладан, Тўрткўл туманида жами қиймати 329,6 млрд. сўм “TO’RTKO’L SHISHA IDISHLARI” МЧЖ да флоат ойна ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш натижасида 200 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 126,7 минг тоннага тенг бўлиб, 1,8 млн. долларлик экспорт амалга оширилиши ва 200 та янги иш ўрни ташкил қилиниши кутилмоқда. Бугунги кунда ўз маблағлари ҳисобидан 1,0 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Қораўзак туманида “Karakalpak sement” МЧЖ томонидан цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш (3 босқич) лойиҳаси 2021 йилнинг октябрь ойи якуни билан ишга туширилиши назарда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 538,5 млрд. сўм шундан ўз маблағи 187,6 млрд. сўм, чет эл банк кредити 34,0 млн. доллар бўлиб, яратиладиган янги иш ўринлари сони 784, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 200 минг тонна цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш.

Лойиҳа дастгоҳлари 2021 йилнинг май ойида олиб келиниб, август ойида қурилиш-монтаж ишлари якунланади ва синовдан ўтказилади. Шу йилнинг октябрь ойида ишга туширилади ва ички бозорни цемент маҳсулоти билан таъминлаш ҳамда йилига 6,9 млрд. сўмлик бюджетга қўшимча тушумлар тушиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида фармацевтика соҳасида 16 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 214,2 млрд. сўм, бунинг натижасида 638 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80,0 млрд. сўмни ташкил этади.

Таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 360 та ҳар хил доривор ўсимликлар ўсади, шундан 37 фоизи доривор хом-ашё бўлиб ҳисобланади. Фармацевтика йўналиши бўйича тиббиётда қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан,

-тиббиёт буюмларини (шприц) ишлаб чиқариш бўйича 3 та лойиҳа бўлиб, лойиҳанинг умумий баҳоси 77,4 млрд. сўмни, янгидан яратиладиган иш ўринлари сони 156 тани ташкил этади;

-қизилмия илдизини йиғиш ва қайта ишлаш бўйича 13 та лойиҳа бўлиб, қиймати 136.8 млрд. сўмни ташкил этади ва янгидан 482 та иш ўринлари яратилади.

Нукус шаҳридаги “ Nukus Med Tex” ҚК МЧЖ да бугунги кунда бир марталик шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонанинг ишлаб чиқариш йиллик қуввати 230 млн. дона тиббиёт буюмларини ташкил этади. Маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси вилоятларига юборилмоқда ва ички бозорда ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжни сифатли ва арзон нархларда қаноатлантириш имкони мавжуд. Бугунги кунда корхонада 200 дан ортиқ ишчи-ходимлар иш билан таъминланган.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг энг асосий йўналишларидан бири “Қарақалпақ агро” Эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилишидир. “Қарақалпақ агро” Эркин иқтисодий зонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. “Қорақалпоқ агро” ЭИЗ ҳудудида 608,7 млрд. сўм (шундан 36,7 млн. доллар ташқи инвестиция ва кредитлар) бўлган 33 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур лойиҳалар ишга тушиши натижасида 1123 та янги иш ўринлари яратилади.

“Қарақалпақ агро” Эркин иқтисодий зонасида жойлашган 144 гектар гидропоника усулидаги иссиқхоналарнинг 57 гектар майдонига бодринг экилиб, 8,5 минг тонна бодринг ва 87 гектар майдонда помидор экилиб, 13 минг тонна маҳсулот етиштириш имконига эга бўлиб, 70 фоизини экспортга чиқариш режалаштирилган.

Маълумки, қарорда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган 8,4 минг хотин-қизларни иш билан таъминлаш белгиланган.

 Қорақалпоғистон Республикасида 30 ёшдан ошган жами 368 564 нафар хотин-қизлар бўлиб, шундан 349 959 нафари билан анкета-сўровномалар ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикасида “Вақтинчалик тартиб” асосида ҳар бир туман ва секторлар кесимида маҳаллабай “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган 24519 нафар хотин-қизлар киритилди.

Шу йилнинг январь-март (15 март ҳолатига) ойларида ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган ишлар натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган 11899 нафар хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилиб, шундан 3329 ишга муҳтож аёлларнинг бандлиги таъминланди. 1280 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга қайта ўқитилди, 54 нафарига томорқадан фойдаланиш учун ер ажратиш ҳамда 933 нафарига тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредит олишда амалий ёрдамлар берилди.

Бугунги кунда фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юқорида қайд этилган вазифалар ижросини маҳаллаларда сифатли ташкил этиш, иш самарадорлиги оширишнинг асосий омилларидан биридир. Бу борада маҳаллаларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги “Бунёдкор” ва “Хоразм” маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг янгидан қад ростлаб, фойдаланишга топширилиши ходимлар учун ҳақиқий совға бўлди.

Қарорга мувофиқ, ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 14 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш, 1,6 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, “Фидойи ёшлар отрядлари”ни ташкил этиш орқали 8 минг ишсиз ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ва мавсумий ишларга жалб қилиш, 3 та ёш тадбиркорлар коворкинг марказлари, 7 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуасини қуриш белгиланган.

Ёшлар билан янгича ишлаш тизимини яратишда 2 та муҳим йўналиш, биринчиси, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни касбга ўқитиш, иккинчиси, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Ёшларни иш билан таъминлаш, уларни касбга ўқитиш борасида шу кунга қадар 26 461 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Жумладан, 4034 нафар ёшлар иш билан таъминланиб, 76 нафарига субсидиялар ажратиш орқали бандлиги таъминланди (459 млн. сўм). 459 нафар ёшлар ташкил этилган меҳнат миграцияси орқали иш ўринларига эга бўлди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1189 нафар ёшларнинг тадбиркорлик иши учун 37 млрд. 090 млн. сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада 1292 та янги иш ўрни яратилди.

Қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 20 703  нафар ёшларга 8968,5  га ер майдони ажратилиб берилди. Бундан ташқари, касб-хунар ва тадбиркорлик асослари бўйича 2 332  нафар ёшлар ўқитилди.  1661  нафар ёшлар “Ёшлар 1+1” дастури доирасида тадбиркорлик асослари бўйича, 671  нафар ёшлар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан касб-ҳунарга ўқитилди.

«Ёшлар 1+1» дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга 2073  нафар ёшлар бириктирилди. Жумладан, – “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1551  нафар;  “Устоз-шогирд» анъанаси доирасида уста-ҳунармандларга 522  нафар.

Қарор асосида 2020-2023 йилларда қишлоқ хўжалигида жами қиймати 1 трлн. 998 млрд. сўмлик 544 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда ушбу лойиҳалардан жами 484,1 млрд.сўмлик 301 та лойиҳа ишга туширилиб, янги 1641 та иш ўринлари яратилган (Режа 554 та лойиҳа, 55%).

 Қайд этиш керак, Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жами қиймати 513 млрд. сўмлик 236 та чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилиб, бугунги кунда жами 318,7 млрд. сўмлик 214 та лойиҳа молиялаштирилиб, шундан, 175 таси тўлиқ ишга туширилган. Ушбу лойиҳаларга тижорат банклар томонидан 226 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилган.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан жами 4,5 млн. гектар ер майдонлари Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига ажратиб берилган.

Шулар қаторида, Тахтакўпир туманида “Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станцияси” фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, наслдор элита “Қорақалпоқ сур” қўйларининг бош сони 1249 бошга етказилди. Бугунги кунда ушбу станция илмий наслчилик ишлари билан шуғулланиш учун замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.

Қарийб ярим аср мобайнида жаҳон ҳамжамияти Орол фожиаси келтириб чиқарган экологик, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг гувоҳи бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларида Орол денгизи инқирози чегара билмайдиган глобал экологик муаммоларни келтириб чиқарганлигини яна бир бор таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирди.

Юртимиз қисқа муддатда аниқ ва тезкор ишлари билан жаҳон ҳамжамиятининг Орол муаммосига эътиборини, муносабатини ўзгартирди.

2018 йилнинг 27 ноябрь куни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди.

Бугунги кунда Норвегия, Жанубий Корея, Европа иттифоқи, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардан Трастфондга 26 млн. АҚШ долларидан зиёд маблағлар келиб тушди.

Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш ғоясини халқимиз катта хурсандчиликлар билан қарши олди.

2018-2019 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1 млн. 125 минг гектардан ортиқ майдонда қум йиғиш ариқлари (бороздалар) олинди ҳамда 461 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан саксовул, юлғун, қорабароқ уруғлари ва кўчатлари экилди.

Ушбу ишларга жами 1532 тонна чўл ўсимликлари уруғлари ва 8 млн. дона саксовул кўчатлари тайёрланди. Шунингдек, уруғ йиғиш ишларига Мўйноқ туманининг 1000 нафарга яқин ишсиз аҳолиси жалб этилди.

Экиш ишларида барча вилоятлардан ва Қорақалпоғистон Республикасидан ишчи ва механизаторлар иштирок этди, 500 дан ортиқ механизмлар ва 2 та кичик авиация (АН-2 самолётлари) жалб этилди.

2019-2020 йилларда 166 минг гектардан ортиқ майдонда қум йиғиш ариқлари (бороздалар) олинди ҳамда 706,4 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан саксовул, юлғун, қорабароқ уруғлари ва кўчатлари экилди.

Ушбу ишларга жами 2770 тонна чўл ўсимликлари уруғлари ва 40 млн. донадан ортиқ саксовул кўчатлари тайёрланди.

Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 2500 нафардан ортиқ ишчи – механизаторлар иштирок этди, 500 дан ортиқ механизмлар ва 4 та кичик авиация (АН-2 самолётлари) жалб этилди.

2021 йилда Орол денгизининг қуриган тубидаги жами 450 000 гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу ишларга Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси туманларидан 650 нафар ишчи-механизаторлар ва 600 нафар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муддатли хизмати ҳарбийлари, 476 та махсус техникалар (тракторлар, бульдозерлар, автогрейдерлар, эксковаторлар, экиш агрегатлари ва бошқалар) ҳамда 5 та АН-2 самолётлари ва 2 та дельтапланлар жалб этилди.

Бу бўйича Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

 Жумладан, қўмита томонидан жойларга чиққан ҳолда олиб борилган ўрганишлар доирасида тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

 Хусусан, қўмита томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Тахтакўпир туманининг “Қўниратовул” ҳудудида қиймати 1 миллиард 200 миллион сўмлик соатига 5 метр куб сувни тозалайдиган ва чучуклаштирадиган ускуна ўрнатилди.

Шу йилнинг январь ойида Беруний туманидаги шароити оғир тоифага киритилган “Олтинсой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 32-сонли мактаб биносининг таъмирлаш ишларини жорий йилда амалга ошириш учун ёрдам сўралган эди. Мазкур масала ижобий ҳал этилди. Яъни мактаб биноси жорий йилги таъмирлаш объектлари рўйхатига киритилди.  

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2020-2023 йилга мўлжалланган дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ҳар ойда республикамизга ташриф буюриб, ҳурматли Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижроси бўйича биргаликда иш олиб бормоқда.

Умуман олганда, вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Олий Мажлис Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес ва маҳалий Кенгаш депутатлари томонидан қатъий парламент ва депутатлик назорати олиб борилмоқда.

Б.Матмуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

А.Шамуратов,

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари.