МАКТАБЛАРДАГИ ТАРҒИБОТЧИЛАР ФАОЛИЯТИ ўз самарасини беради


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш мақсадида, жорий йил 1 апрелдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди.

Уларнинг ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш борасидаги асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Жумладан, ўқувчи-ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш бўйича долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб ижодий тўгаракларни ташкил этиш, шунингдек,  адабиёт ва санъатга қизиқадиган ўқувчиларни ўз атрофида бирлаштириш, ижодкорлик қобилияти мавжуд ўқувчиларни саралаш, уларнинг ижодий ишларини кўриб, матбуотда нашр этиш, турли тадбирлар ўтказиш орқали жамоатчиликка намойиш этишда кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бундан таш­қари, ижодий ва китобхонлик йўналишларида кўрик-танловларни ўтказиш, истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига йўналтириш, таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирокида адабий-бадиий кечалар ташкил қилиш, мактабларда ташкил этилган «Ёшлар театр студия»ларида бадиий асарлардан сахна кўринишларини яратишда кўмаклашиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашда бадиий адабиёт ва санъат намуналаридан кенг фойдаланиш вазифалари белгиланган.

  Бугунги кунга келиб, гарчи қисқа вақт ўтган бўлса ҳам мактаблардаги тарғиботчилар фаолияти ўз самарасини бера бошлагани айни ҳақиқат.

Жумладан, мен ўзим Ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчи сифатида фаолият юритаётган Нукус шаҳридаги 27-сонли мактаб мисолида адабиётга қизиқадиган талантли ёшлар кўплигига амин бўлдим. Ўқувчилардаги айниқса китоб ўқишга, шеъриятга қизиқиш уларнинг юксак дидли, маънавиятли инсон бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади, албатта.

— Мактабимизда 1700 дан ортиқ ўқувчи таълим олади. Ўтган йиллар мобайнида қатор ютуқларга эришилди. Жумладан, 200 дан ортиқ ўқувчиларимиз Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон чемпионатларида фахрли ўринларни эгаллашди. 4 нафар ўқувчимиз грант асосида муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Президентимизнинг қарори асосида Ижодий-маданий ишлар бўйича тарғиботчи лавозимининг жорий этилиши бу ютуқларимизни янада кўпайтиради — дейди мактаб директори Флора Бисенова.

Албатта, қисқа вақт ичида «Ёш ижодкорлар» ва «Ёш китобхон»лар тўгараклари шакллантирилди. Бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Венера Уташованинг ҳиссаси катта.

Бугунги кунга келиб, ўтказилган машғулотлар натижасида ёрқин сатрлар яратила бошланди. Ўқувчиларнинг она Ватан, она, бахтли болалик, табиат ҳақидаги шеърлари, улардаги теран фикрлар, гоҳида кишини ҳайратга солади.

Қуйида ушбу мактаб ўқувчилари ижодидан (қозоқ тилидан таржима қилинган) намуналарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ЁЗ

Мовий осмон узра қуёш,

Нурларини тўкади.

Унинг меҳри ила тафти,

Қалбимизга ёқади.

Тўлқин-тўлқин, тўлиб тошар,

Юртнинг ариқ-сойлари.

Болаларга гавжум бўлар,

Сўлим – сўлим жойлари.

Биз бахтиёр болалармиз,

Ҳар кунимиз сарафроз,

Ҳар ўғил-у, ҳар қизга,

Шодлик берар бизнинг ёз.

Қайржон Алибаев.

ТАБИАТ

Табиат бу тириклик,

Синоат-у, каромат.

У бўлсаки мусаффо,

Умринг бўлар саломат.

Атроф ям-яшил кўклам,

Осмон ўпар тераклар.

Шивирлашиб инсонга

Улар айтар тилаклар.

Само узра тизилиб,

Қувнашиб қушлар учар.

Табиат омон бўлса,

Оламни шодлик қучар.

Суюндик Бахтбергенов.

ТИНЧЛИК

Уруш кўрган боболар,

Жангда кўрсатган кучин.

Жонини аямаган,

Бизнинг бахтимиз учун.

Асли чин бахт тинчликдир,

Бобом айтган ҳақиқат.

Авлодларнинг тилаги

Ватан тинч бўлсин абад!

Жандарбек Жадигеров.

ОТАМ ЎГИТИ

Отам ифтихор билан,

-Менинг ўғлим зўр, дейди.

Ватан ва дўст ишига

Мудом тайёр тур дейди.

Қаторингдан қолма дер,

Бўш ўтказма бир кунни.

Ҳаммага қувонч улаш,

Ғамга солма ҳеч кимни.

Қанат Хўжабеков.

Назира МАТЯКУБОВА,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.