Нукус шаҳрида илм-фан, маданият, санъат намояндалари, кино ва театр актёрлари, хонандалардан иборат тарғиботчилар гуруҳи томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари бўлиб ўтди.
Нукус шаҳридаги 31 –сонли умумтаълим мактабида ўтказилган “Янги Ўзбекистон-тилларда достон” мавзусидаги учрашувда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, айниқса, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар, янгиланишлар, жумладан, ёшларнинг билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилаётган шароитлар хусусида тўхталиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари мактаб битирувчиларини катта ҳаётга қадам қўяётгани билан табриклади.
Тадбир доирасида Ёшлар марказида ижодкор ёшлар билан “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз” мавзусида учрашув, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида “Ватаним равнақида менинг ҳиссам!” шиори остида рассомлар кўргазмаси ўтказилган бўлса, Нукус давлат педагогика институти академик лицейида “Янги Ўзбекистон- янгича дунёқараш!”, Нукус олимпия заҳиралари ихтисослаштирилган мактабида “Инсонийлик ва бунёдкорлик-миллий ғоямизнинг асоси” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. Ёш томошабинлар театрида “Шу азиз Ватан барчамизники!” шиори остида концерт дастури намойиш этилди.
Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад, миллий мустақиллигимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз орасида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Тадбир сўнггида Нукус шаҳридаги ёзги очиқ театрда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида гала концерт бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
А.Жиемуратов.



