“Ойдин йўл” болалар оромгоҳи иш бошлади


Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ўз фаолиятини бошлади. Мазкур оромгоҳда мавсум давомида 625 нафар ўғил-қизлар 5 та сменада мароқли хордиқ чиқариши белгиланган. Эътиборлиси, бу ерда иш билан банд бўлган 23 нафар кишининг кўпчилиги ёшлардан иборат.

Масканда барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ахборот-ресурс маркази, тўгарак хоналари, ёзги амфитеатр, сузиш ҳавзаси, футбол, волейбол, баскетбол ва теннис майдончалари, ётоқхона, ошхона, ювиниш хоналари ўқувчилар ихтиёрида.

— Болажонларнинг ёзги таътилни завқли ўтказишлари ва мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун оромгоҳда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди, — дейди оромгоҳ раҳбари Бекмурад Жуманазаров. — Айниқса, турли хил гуллар экилди, мавсум давомида оромгоҳнинг электр тармоғи, суғориш ва оқова тизими, тунги ёритиш чироқларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, болалар майдончалари ва ўриндиқларни таъмирлаш, бўёқлаш каби бир қатор муҳим ишлар бажарилди.