Мамлакатимизда ўсимликлар карантини соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг даладан то экспортгача зарарланишининг олдини олиш, сифатини сақлаб қолиш тадбирлари самарали олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 13-октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасидаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш мақсадида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилди. Улар маҳсулот етиштирилаётган далани ҳар куни назоратдан ўтказиб, зарарли организмлардан ҳимоя қилиш тадбирларини олиб боради. Маҳсулот экспортга тайёр бўлганда маҳсулотнинг фитосанитар ҳолати бўйича ички сертификат билан таъминланади ҳамда экспортга чиқаришга рухсат берилади.
Бугунги кунда республикамиздан сабзавот-полиз, дон, мева ва узум, кунжут, мош маҳсулотлари, шунингдек қуритилган маҳсулотлардан помидор, аччиқ қалампир маҳсулотлари карантин назоратидан ўтказилиб экспортга чиқарилмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи чораги давомида республикамиздан 16398,3 тонна карантин остидаги маҳсулотлар 20 дан ортиқ чет давлатларга экспортга йўналтирилган бўлиб, шундан, 19 715 тонна помидор, 86 424 тонна пахта, 21 900 тонна қизилмия илдизи, 4 890 тонна буғдой уни Тахиатош туманидан экспортга чиқарилган.
Республикамизнинг ҳар бир туманига бириктирилган инспекторлар маҳсулотларни назоратдан ўтказиб, уларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш бўйича деҳқон-фермерларга тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдамлар бериб келмоқда.
Тахиатош туманида жами 72 гектарда боғ майдонлари, 83 гектар майдонда сабзавот–полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Инспектор томонидан мазкур майдонларда етиштирилаётган карантин остидаги маҳсулотлар зарарланишининг олдини олиш тадбирлари узлуксиз ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан тумандаги деҳқон-фермер хўжаликлари ва томорқа ерларидаги ўсимлик зараркунандаларини аниқлаш мақсадида жами 71 дона феромон тутқичлар ўрнатилди. Мазкур феромон тутқичларда олма мевахўри ва комсток қурти зараркунандалари аниқланиб, уларга кимёвий препаратлар билан қарши курашиш тадбирлари ўтказилиб, зараркунандалар тарқалишининг олди олинди.
Инспектор экспортга чиқарилаётган карантин остидаги маҳсулотлардан (помидордан ташқари) намуна олиб, инспекциянинг сайёр лабораториясига топширади ва лаборатория хулосасига асосан сертификат расмийлаштирилади. Помидордан олинган намуналар эса марказий лабораторияга почта орқали юборилади ва хулосага асосланиб сертификат расмийлаштирилади.
Соҳада олиб борилаётган мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудда фитосанитар хавфсизлик таъминланмоқда. Зеро, ўсимликлар карантинига оид қоидалар ва талабларнинг ижроси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ва ҳосилдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қ.Сатуллаев,
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном-инспектори.



