“…Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида жаранг топган бу сўзлар барча юртдошларимизни, айниқса соҳада меҳнат қилаётган биз ўқитувчи-устозларни чексиз қувонтириб, янги марралар сари руҳлантирди.
Маълумки, сўнгги йилларда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Мактаб таълимини ривожлантириш, соҳага илғор педагогик технологияларни жорий этиш, ўқитувчининг жамиятдаги нуфузи ва ойлик маошларини ошириш, янги турдаги ва янги сифат босқичидаги таълим масканлари жумладан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилганлиги сўзимиз исботидир.
Бугунги кунда Мўйноқ касб-ҳунар мактабида 201 нафар ўқувчи 4 та мутахассислик бўйича таълим олмоқда. Уларга 14 нафар педагог устозлар касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Асосий мақсадимиз ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, жамиятда ўз ўрнига эга шахслар бўлиб камол топишига кўмаклашишдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг “Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси – фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборат” деган таъкидлари биз ўқитувчи-устозлардан янада фаолликни талаб қилиб, ишга нисбатан масъулиятимизни оширади.
Мана 20 йилдирки, таълим соҳасида фаолият юритиб келаман. Бу давр оралиғида тизимда жуда кўп ўзгаришлар бўлди. Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган ўзгариш ва янгиланишлар тизимда фаолият юритаётган ҳар бир ўқитувчига масъулият юклаши билан билан бирга уларга катта куч, шижоат бағишламоқда.
Биласизми, ўқувчилар билан ишлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар сирларини ўргатиш менга завқ бағишлайди. Уларга билимга қўша бор меҳримни ҳам беришга ҳаракат қиламан. Чунки, ўсиб келаётган ёш авлод нафақат илмли, зийрак, баркамол, касб-ҳунарли, балки, маънавияти бой, дунёқараши кенг, ақл салоҳияти юксак бўлиб камол топиши зарур. Шу боис ҳам мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ этиш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини нафақат ўқувчи-ёшларга, балки уларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчиликка ҳам тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Фаолиятим давомида математика фанидан 15 та мураккаб мавзулар бўйича дарс ишланмалари, 100 дан ортиқ кўргазмали қуроллар ва 400 дан ортиқ тест саволларини ишлаб чиқишга муваффақ бўлдим.
Ютуқларимиз кўп. Ўқувчиларимиз туман, республика фан олимпиадалари, кўрик танлов ва мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, 2019-2020 ўқув йилида республика фан олимпиадасида ўқувчиларимиз математика фанидан юқори кўрсаткичга эришди. 2020-2021 ўқув йилида касб-ҳунар мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида қатнашиб, 4 нафар ўқитувчи ва 35 нафар ўқувчимиз сертификатга эга бўлди. Албатта, бу каби ютуқлар замирида ўқитувчиларимизнинг машаққатли меҳнати, фидойилиги, ўз касбига бўлган меҳри ва садоқати, яратилган имкониятларнинг ҳиссаси катта.
Биласизми, инсон ўз билими, меҳнати билан қадр топади. Байрам муносабати билан Президентимиз Фармонига биноан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим. Бундан жуда хурсандман. Бу мукофот нафақат менга балки, таълим соҳасида фаолият юритаётган барча ўқитувчи-устозларга билдирилган юксак ишонч, эътироф деб биламан. Бугун кун сайин янгиланиб, чирой очаётган Мўйноқ тумани аҳолисининг кайфияти, турмуш тарзи ўзгача. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли чекка ҳудуд саналган туманда мисли кўрилмаган ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар одамларимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир. Мен ўйлайманки, ҳар қандай ўзгариш албатта, таълим –тарбия жараёни, унга қаратилаётган эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, юртимизнинг эртанги куни, таянчи ва суянчи саналган ўқувчи-ёшларнинг нурли истиқболи йўлида бор куч ғайратимни, билимимни ишга соламан.
Индира Кожалепесова,
Мўйноқ туманидаги касб-ҳунар мактаби директори,
“Содиқ хизматлари учун” медали соҳибаси.



