МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИНИ БЕЛГИЛАЙДИГАН МУҲИМ ЖАРАЁН


Ўтаётган ҳар бир кун жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларига яқинлаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, шаҳар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш масалалари қаралди.

Жорий йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун сайлов округлари тузиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Президент сайловини ўтказиш учун жами 14 та сайлов округлари тузилди. Шу жумладан, Қорақалпоғистонда 1-Қорақалпоғистон сайлов округи тузилди ва Нукус шаҳрининг марказида жойлашган “Ёшлар маркази” биносида ўз фаолиятини  бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 23 июль куни сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинди ва Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида,тажрибали сиёсатшунос олим, У.Жалменов раҳбарлигида 17 нафар аъзодан иборат 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси тасдиқланди ҳамда тегишли вазифалар тақсимланиб, ташкилий-амалий ишлар бошлаб юборилди.

Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномаси асосида шакллантирилади. Айни шу тақдимномаларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 656 та сайлов участкаси ташкил этилди.

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси томонидан мазкур сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.

Таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳа ва тармоқларида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни ҳолат, янги Ўзбекистоннинг янги сайлов қонунчилигида ҳам ўз аксини топди. Жумладан:

2019 йил 25 июнь куни сайловларга доир тарихий янгилик, яъни, Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси қабул қилинди. Ушбу кодекс билан тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун  ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномалари ўз кучини йўқотди.

Шунингдек, 2021 йилда Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун билан Президент сайловлари бўлиб ўтадиган кун – декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилди.

Албатта, бу янгиланишлар, сайлов жараёнининг жаҳон стандартларига мувофиқ демократик принциплар асосида очиқ ва шаффоф ташкил қилишда, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, ватандошларимиз қаерда бўлишидан қатъий назар, ўзларининг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб беришда муҳим омил бўлди.

Шу маънода, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнини жаҳон андозаларига мувофиқ ташкил қилиш ва ҳар ­томонлама пухта тайёргарликлар асосида уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича масъуллар томонидан янгича тизим ва янги механизмлар ишлаб чиқилди. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни ташкилотчиларининг янги Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ва кенг халқ оммасига тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан 17-22 май кунлари малака ошириш курслари ташкил этилди. Дастлаб, мазкур семинар-тренингда иштирок этадиган жами 118 нафар ходимларнинг рўйхати шакллантирилди. Улардан 76 нафари ҳудудий тренерлар сифатида танланди, шунингдек, ўқув-машғулотларини ташкил этиш бўйича 9 нафар Қорақалпоғистон Республикаси штабининг аъзоси, 17 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчилари, 16 нафари туман (шаҳар) ҳокимликларининг ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари жами 5 та гуруҳга ажратилган ҳолда, тасдиқланган жадвал асосида семинар-тренинглар ташкил қилинди.

Ҳудудий тренерлар тайёрлаш учун семинар-тренингга Тошкент шаҳридан 4 нафар тажрибали мутахассислар жалб этилиб, улар 17-24 май кунлари ўқув машғулотларини олиб боришди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 7-19 июнь кунлари 1969 нафар Нукус шаҳри ва барча туманларда сайлов участкаларининг раиси, ўринбосари ва котиблигига номзодлар учун семинар-тренинглар ўтказилди. Улар сайлов қонунчилигига оид 10 та мавзу бўйича сабоқ олишди. Мавзулар 68 нафар ҳудудий тренерлар томонидан олиб борилди.

Ҳар бир гуруҳ семинар-тренинг якунида онлайн тест синовларидан ўтишди. Барча иштирокчилар (17 нафар туман (шаҳар) ҳокимликларининг ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарларидан ташқари) тест синовларини муваффақиятли топширишди.

Таъкидлаш лозимки, 2021 йил 22 май куни қўшимча равишда ҳудудий тренерлар тайёрлаш учун яна 10 нафар олий таълим муассасалари педагог ходимларидан заҳира гуруҳи шакл­лантирилиб, ушбу гуруҳ 24-25 май кунлари навбатдаги семинар-тренингда иштирок этишди ҳамда тест синовларида юқори балл тўплашга эришдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 76 нафар, заҳира сифатида 12 нафар, жами 88 нафар ҳудудий тренерлар белгиланган жадвал асосида ўқув машғулотларида тўлиқ иштирок этишди ва тест синовларидан муваффақиятли ўтишди.

Ташкил қилинган мазкур семинар-тренинглар ўз навбатида, сайлов кампанияси даврида сайловчиларни сайлов кодекси ҳақида, бўлажак сайловнинг Конституциявий ҳуқуқий асослари, сайловчининг ҳуқуқлари, сиёсий партиялар кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакиллари ҳуқуқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва халқаро кузатувчилар ваколатлари, сайловларнинг умум эътироф этилган халқаро демократик тамойиллари ҳақида  етарли даражада малакага эга бўлишларида ўзининг самарали натижасини бериши, шубҳасиздир.

Дарҳақиқат, ташкилий ишлар баробарида, сайловчиларни қизиқтирадиган барча саволларга тезкорлик билан жавоб беришни ташкил қилиш, зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалари, тест саволлари, сайловга оид маълумотлар ва ахборотлар билан таъминлашга қаратилган амалий ишлар ҳам бошлаб юборилди. Бунда асосан, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўз самарасини бериши масъуллар томонидан тасдиқланди.

Демак, ҳар бир сайловчи ўзи овоз беришда иштирок этадиган сайлов участкасини билиши, сайловчилар рўйхатидан хабардор бўлиши, сайлов кунига қадар қаерда овоз бериши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиши зарур.

Шундай экан, бу жараёнда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот – сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши, фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратишда фаол иштирок этиши муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ёшларимиз –Янги Ўзбекистон: “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” бош ғоя асосида мамлакатимиз тараққиётининг янги бос­қичига “Узлуксиз маънавий тарбия Концепция”сида кўзда тутилган улуғвор компетенциялар асосида кириб бормоқдалар.

Қолаверса, ёшлар аҳоли қатламининг асосий таркибини ташкил қилади. Бугунги кунда ёшлар масалаларига қаратилган давлат сиёсатининг энг муҳим ва энг устувор йўналишларининг бири ҳам – уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол фуқаролик позицияларини намойиш этган ҳолда жараёнларда фаол иштирок этишларини таъминлашдир.

Мазкур жараён –нафақат ёшларимиз учун, балки шу юртнинг ҳар бир фуқароси учун муҳим сиёсий воқеадир. Негаки, юртимизда яшаёт­ган ҳар бир фуқаронинг мамлакатимиз бугуни ва келажагига дахлдорлик ҳисси билан сайлов жараёнига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрган ҳолда фаоллик билан иштирок этиши – сайлов кампаниясининг муҳим шартларидан биридир. Зеро, бу – мамлакат тараққиётини белгилайдиган муҳим сиёсий жараёндир.

Қувондиқ Қодиров,

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг аъзоси,

Ажиниёз номидаги НукусДПИ Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори.