Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказининг ташаббуси билан Нукусда Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари бўлиб ўтди.
Делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Тарихи ва маданияти музейида халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларига бағишланган тадбирда иштирок этди. Меҳмонлар И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи билан танишди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида делегация аъзоларининг қабул маросими бўлиб ўтди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ганире Пашаева, Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази директори Самир Аббосов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ривожланиши жараёнларида ўтказилаётган тадбирнинг аҳамиятига тўхталди.
Озарбайжон ва Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Меҳмонлар Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Гусейн Джавид номидаги Озарбайжон адабиёти ўчоғи”нинг очилиш маросимида иштирок этди. Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида талаба ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Икки кунлик тадбир чинакам маданият, адабиёт ва дўстлик байрамига айланди.
Д.Абибуллаев.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.



