КЕКСАЛАР МАМНУН БЎЛМОҚДА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 1 ноябридан 30 ноябригача эълон қилинган “Кексалар учун туризм ойлиги”ни кўтаринки руҳда ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раисларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Мавжуд 49 та маҳалланинг барчасида ойлик давомида камида 5-6 та саёҳат уюштириш бўйича аниқ вақти ва манзили кўрсатилган режа-жадвал ишлаб чиқилди. Ойлик давомида тумандаги музейга, Чилпиқ ва Гавур тарихий қалъаларга, Шайх Жалил бобо, Беруний туманидаги Ямпиқ қалъа ва Султон Увайс бобо, Элликқалъа туманидаги Кечирмас бобо ва Норимжон бобо зиёратгоҳларига, Хўжайли туманидаги Миздакхон (Нозлимхон сулув) тарихий комплексига, Мўйноқ ва Қўнғирот туманларига, Нукус, Хива, Урганч, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига жами 248 та саёҳат уюштириш, унда 2724 нафар кексаларни қамраб олиш белгиланган.

Туманда биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар сони 234 нафар бўлиб, бугунги кунгача уларнинг аксарият қисмининг ҳолидан хабар олинди. 18 нафари эса зиёрат ва саёҳатга чиқиш имконияти борлигини билдирди.

Туманга Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари Қадамбой Матниёзов ташриф буюриб, дастлаб, Қипчоқ овул фуқаролар йиғинининг янгидан таъмирланиб фойдаланишга топширилган биносини кўздан кечирди. Шу маҳалладан саёҳатга жўнаб кетаётган бир гуруҳ нуронийлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Шундан сўнг, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган “Долзарб 40 кунлик” тадбири муносабати билан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг мурожаати билан таништириб, маҳалла нуронийлари билан биргаликда кўчат ўтқазиш ишларида  қатнашди.

Бундан сўнг, “Тўлқин” овул фуқаролар йиғини ҳудудида касал бўлиб ётиб қолган Ойимгул момо Турсинбоеванинг ҳолидан хабар олиниб, унга ногиронлик аравачаси ва совғалар берилди. Шу маҳалладаги кекса авлод вакиллари бўлган Зулайҳо момо ­офурова ва Тўлғаной момо Давлатярованинг ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳам совғалар топширилди.

Шу куни “Тош ёп” овулидан 30 нафар нуроний отахон ва онахонлар Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига ва Чилпиқ қалъа тарихий ёдгорлигига саёҳатга юборилди.

Шунингдек, тумандаги Чойкўл овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 104 ёшли Катча момо Бекчановага унинг расми чоп этилган “Юз ёш билан юзлашганлар” китоби ва совғалар топширилди. Шу ернинг ўзида тиббиёт ходимлари табаррук момонинг соғлигини яна бир бор кўздан кечирди.

Шу куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биноси атрофига 52 туп манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазилди. Шундан сўнг, Бошқарма бошлиғи ўринбосари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва унинг қошида ташкил этилган Нуронийлар масканида яратилган шарт-шароитлар билан танишди, Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари ва шу ерда тренажёрларда шуғулланаётган кексалар билан суҳбатлашди.

Қангли овул фуқаролар йиғинидаги 29-умумтаълим мактаби биносида йиғин раисининг кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, II даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Жангабай Ражабов ташаббуси билан ҳудуддаги фахрий педагог, 40 йилдан ортиқ мактабда ишлаган Дурдибой ота Ердашевнинг 90 йиллик юбилей тадбири ўтказилди.

Тадбирда Д.Ердашевга Ташаккурнома ҳамда совғалар тантанали равишда топширилди. Тадбир мактаб ўқувчиларининг концерт дастури билан давом этди.

Баҳодир Балтабаев,

Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси.