Спорт ўйинларида “НДПИ” жамоаси ғолиб


Волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон суперкубоги мусобақасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси ғолиб бўлди.

Аёллар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон кубоги ғолиби Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика инс­титути “НДПИ” қизлар терма жамоаси Ўзбекистон чемпиони бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “СКУФ” жамоасига қарши ўйнади.

Мусобақанинг дастлабки куни Нукус давлат педагогика институти “НДПИ” қизлар терма жамоаси рақибларини 3:1 ҳисобида енган бўлса, мусобақанинг иккинчи кунида ҳам “СКУФ” жамоаси қизларига ҳеч қандай имконият қолдирмади – ҳисоб 3:0.

– Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор натижасида ёшларимиз республика ҳамда халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий,  спорт фахрийси Азат Казаков.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, “НДПИ” қизлар терма жамоаси волейбол бўйича ўтган йилги мавсумда ҳам мутлоқ чемпионликни қўлга киритган эди.