Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида яшил майдонларни кенгайтириш бўйича илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсадида «Долзарб 40 кунлик» кўчат экиш акцияси эълон қилинди. Бунда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режаси белгиланди.
Шу мақсадда бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бута ва дарахт кўчатларини экиш ишлари қизғин давом эттирилиб, бунда раҳбардан тортиб, оддий фуқарогача фаоллик кўрсатмоқда.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 1-сонли Республика руҳий ва асаб касалликлари диспансери атрофига акция доирасида кўчат экиш ишлари амалга оширилди. Тадбирда партиядан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Нукус шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” ва фаол ёшлар қатнашди.
— Диспансеримиз атрофида жами 5 гектар ер майдони бўлиб, унда 6 мингга яқин дарахтлар мавжуд. Баҳор ва ёз ойларида бу ер кўркам манзара касб этади. Мазкур акция доирасида диспансеримиз томонидан 500га яқин дарахт кўчатлари экилди. Қолаверса, ЎзМТДП томонидан ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, бир қанча дарахт кўчатлари ўтқазилди, — дейди диспансер бош фельдшери Ф.Даўлетбаев.
Тадбир доирасида 200 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



