Қурилишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала


Нукус шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томондан янги қурилаётган кўп қаватли аҳоли турар жойлари ва маъмурий биноларда фавқулодда ҳолатлар ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча ишчи ходимлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.

Биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш дастлаб уларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларидан бошланади. Хавфсизлик талабларининг тўла бажарилиши кейинчалик уларда ёнғин содир бўлмаслигининг кафолати ҳисобланади.

Қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларнинг майдонларида, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида ёнғин хавфсизлиги тегишли қоидаларга амал қилиш орқали таъминланади. Жумладан, биринчи навбатда барча ишчи ходимлар техника қоидаларига риоя қилган ҳолда махсус кийим бошлар билан таъминланиши, қурилиш майдонларида пайвандлаш ишларини махсус гувоҳномага эга бўлган ишчилар олиб бориши, қурилиш майдонларини ёнғинга қарши қалқон ҳамда бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, носоз ҳолдаги электр тармоқларидан, ишчилар хонасида ностандарт электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик лозим.

Кислород баллонларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва кўчиришда баллон ҳамда шланглар мой ва мойли материалларга тегиб кетмаслиги чоралари кўрилиши ва шу каби бир қатор хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши лозим.

«Меҳнат қилиб боғ яратган уни асрай билиши ҳам керак» деганларидек, бино ва иншоотлар бунёд этувчи ҳар бир бинокор-қурувчи, муҳандис мутахассис тегишли талабларни пухта ўзлаштириб олиши, қурилиш жараёнида ёнғинларга олиб келувчи ҳар қандай салбий ҳолатнинг олдини олиш юзасидан тегишлича йўриқнома билан таъминланиши лозим. Бошқача айтганда, қурилишда амалдаги қоида талабларига қатъий риоя этишга ҳар бир киши масъул ва мажбур эканлигини унутмаслиги керак.

Д.Рейпов,

Нукус шаҳар ФВБ инспектори

катта лейтенант.