ПАЛЗАДА САЛИЕВА — “Йил аёли-2021” танлови ғолиби


Гран-при ва «Йил аёли» унвони, Президент совғаси — «Gentra» автомашинаси. Бугун ушбу юксак эътироф ва мукофот Кегейли туманидаги “Орзу” фермер хўжалиги раиси Палзада Салиевага насиб этди.

Дарҳақиқат, бу каби ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда тинимсиз изланиш, тунлар тонгларга уланган машаққатли меҳнат, доимий фаоллик ва ҳаракат мужассам. Қолаверса, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, имконият ва имтиёзлар Палзада Салиевани янада шижоатли бўлишга ундади.

— Қарийиб 1994 йилдан буён “Орзу” фермер хўжалиги аъзоси, 2014 йилдан буён  мазкур  хўжалик раҳбари сифатида ишлаб келмоқдаман, — дейди суҳбатдошимиз Палзада Салиева. — Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида биз фермерларга ҳам қулай имкониятлар яратилди. Ёшлигимдан дала ишларига қизиққаним боис, “ер билан тиллаша олганман”. Бугунги кунда  чорвачилик, пиллачилик, паррандачиликни ҳам ривожлантириб, кўп тармоқли хўжаликка айлантирдим.

Умумий ер майдони 602 гектарни ташкил этган хўжаликда бугунги кунда 45 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Эътиборлиси, мазкур хўжаликда пахта ҳосили йилдан-йилга ортиб, давлат шартномавий режа  133 фоизга бажарилди. Шунингдек, хўжаликнинг 50 гектар ерига буғдой экилиб, 153 тонна ҳосил олинди. Ҳар ишнинг кўзини биладиган бу аёл бир сония вақтини ҳам бекор ўтказмайди. Ишда муаммо-ю-қийинчилик бўлса аввало тугинини ечишга ҳаракат қиладиган қаҳрамонимизнинг айни дамда хўжалигида  30 бош қора мол, 41 та қўй-эчки ва товуқлари бисёр. Фермер хўжалигидаги пахтачилик ва ғаллачиликдаги даромади ҳисобига  кейинги уч йилликда жами 1 миллиард 333 миллион сўм даромад ҳамда 430 миллион сўмлик соф фойда олишга муваффақ бўлди.

Шунча даромад битта оила учун кўпку, — дейишга шошилманг. Бугун Палзада Салиевани нафақат қўни-қўшни, маҳалла кўй, балки, Хўжайли туманидаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ҳам жуда ҳурмат қилиб, ҳавас билан эътироф этишади. Чунки, онахон ўзи қатори барчанинг кўнгли, кўзи тўқ бўлишини истайди ва топган даромадидан, ҳосилидан ўзгаларга ҳам улашади.

-Биласизми, авваллари бу соҳада кўпроқ эркак кишилар фаолият юритарди. Чунки, аёллар уй юмушлари билан банд бўларди. Аммо, бугун давр бошқача. Шиддат билан ўзгариб, ривожланиб бораётган бугинги кун ҳар биримиздан янгича ёндашувни, ишга меҳр ва садоқат билан ёндашишни, фаол ва ташаббускор бўлишни, умуман олганда замонга хос қадам ташлашни талаб этмоқда. Мен давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишларини, айниқса, вилоятларга ташрифини эътибор билан кузатиб бораман. Чунки, бунда билдирилган фикрлар бизга қанот, янгича руҳ бағишлайди. Ўз устимизда янада ишлаш, интилиш, тажриба тўплашга туртки беради. Биламизки, бугун тадбиркорларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Кредит тўловларининг 5 йилга узайтирилиши, солиқ қарзларининг бўлиб-бўлиб тўланиши, ёшларга ер майдонлари ажратилиши, буларнинг барчаси одамни янада иштиёқ, шиддат билан ишлашга ундайди, — дейди П.Салиева.

Дарҳақиқат, ўзида куч, иштиёқ топган бу аёлнинг фермер хўжалигидаги техника таъминоти ҳам етарлича. Лизинг асосида олган техникалари бугун иш жараёнида ас қотмоқда.

П.Салиеванинг келгусидаги режалари катта. Яъни 2022 йилда Россия федерациясининг Барнаул  заводи билан ҳамкорликда туманнинг Естек кўприк қишлоғида ўз хўжалигида етиштирилган буғдойдан унни қайта ишлаш корхонасини очиш, аҳолини нон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, чорва озуқа базасини янада кенгайтиришни мақсад қилган.

Маълумки, инсоннинг ҳар қандай ютуқ ва муваффақиятларга эришишида унга оиласи, яқинлари таянч, камарбаста бўлади. П.Салиева ҳам бор кучини оиласидан олади. Бугунги кунда турмуш ўртоғи Караматдин Тамамбетов билан бахтли- саодатли ҳаёт кечириб келмоқда. Оилада камолга келган беш нафар фарзанд бугун ота-онанинг ҳар бир ишда кўмакчисига айланган.

Ҳа, оиладаги осойишталик, файзу -барака бугун бутун маҳаллага кўчган.

— Янги йил арафасида мана шундай ютуққа эришганимдан жуда хурсанд бўлдим. Бу мукофот нафақат менинг, балки, бутун қорақалпоғистонликларнинг ютуғи деб биламан. Бунинг учун мана шундай аёлларни ардоқлаб, эъзоз-эҳтиром кўрсатиб келаётган давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдираман, дейди П.Салиева.

Ҳа, бугун минглаб хотин-қизлар ичидан кегейлилик П.Салиевага насиб этган  ушбу мукофот онахоннинг келгуси ишларида катта куч шижоат бағишлайди.

Феруза Нуруллаева.