Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида анъанавий “Президент арчаси” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, болалар ва уларнинг тарбиячилари ҳамда ота-оналарини янги йил байрами билан табриклади.
Тадбирда ота-она қаровисиз қолган болалар, отаси ёки онаси Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари иштирок этди. Чиройли безатилган арча атрофида Қорбобо билан Қорқиз, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги театрлаштирилган байрам томошалари давомида болажонларга турли ширинликлар, ўқув қуроллари, болалар энциклопедияси ҳамда жиҳозлардан иборат Президент совғаси топширилди.
Санъат усталари ижросидаги куй-қўшиқлар, театр жамоалари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари байрамга ўзгача завқ бағишлади. Бу йил Оролбўйидан 700 нафарга яқин ота-она қаровисиз қолган, отаси ёки онаси Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига Президент совғаси топширилди.
“Президент арчаси” тадбири Республикамизнинг барча туманларида бўлиб ўтди.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.



