Нукусда маданият ва санъат соҳаси ходимлари иштирокида
«Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» номли уч авлод вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Кечага республикамиздаги шаҳар ва туманлардан узоқ йиллар давомида элимиз ва юртимиз тараққиёти учун хизмат қилган нуронийлар, уларнинг ишини давом эттираётган соҳа фидойилари ва ёшлар ташриф буюришди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов сўзга чиқиб, элимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фахрийлар ва соҳа вакилларининг ибратли ишларига алоҳида тўхталиб ўтишди. Халқимиз маданияти, адабиёти ва санъати ривожига ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшган марҳум устоз санъаткорларнинг порлоқ хотиралари эсга олинди.
Учрашувда узоқ йиллар элимиз ва халқимиз учун фидокорона хизмат қилган тажрибали нуронийлар ва ёшлар кеча ва бугун, яъни ўтган даврдаги қийинчиликлар ҳамда бугунги кунда Президентимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида фикр алмашдилар.
— Кейинги пайтларда Президетимиз маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратмоқда, — дейди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Райҳан Сапарова. — Мана, яқинда юртимиз бўйлаб маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди. Муборак Рамазон ойида уч авлод учрашувининг ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бутун умрини маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимиз ривожига бағишлаган 21 нафар инсоннинг ёрқин хотирасига ҳурмат кўрсатилгани тадбирнинг моҳиятини очиб берди. Бунинг учун Президентимизга, тадбир ташкилотчиларига оиламиз номидан чексиз миннатдорлик билдирамиз. Албатта, бу каби учрашувлар ёшларнинг меҳнат фахрийларининг ҳаёт тажрибасидан ибрат олишлари учун муҳимдир.
Кекса авлод вакиллари ёшлар билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар экан, ёшлик куч-ғайратини қайта ҳис қилишди дейиш мумкин. Нуронийларнинг панд-насиҳатлари ёшларнинг чуқур билим эгаллашлари, ҳаётда яхши инсонлар бўлиб камолга етишларида муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Тадбир доирасида концерт дастури, фахрийларнинг ҳаёти ва меҳнат йўли ҳақидаги махсус фильмлар намойиш қилинди.
Учрашувга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов қатнашди.



