ИНКЛЮЗИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ


Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи кўмагида Давлат хизматлари маркази ишга туширилди.

Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси  Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида пилот (синов) тариқасида танланган 7 марказдан биридир. Лойиҳа пилот ҳудудлардаги янги марказларни, жумладан, Нукус туманидаги ДХМни замонавий IT ва коммуникация ускуналари (серверлар, компьютерлар, тармоқ ва  телекоммуникация, видеокузатув, фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини йиғиш қурилмалари ва бошқалар) ҳамда фуқаролар учун қулай кутиш зали ва замонавий кондиционер билан жиҳозлашга ёрдам беради. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили, яъни яшаш ва бўлиб туриш жойидан қатъий назар фойдаланиш тартиби жорий этилган. Марказ 280 та хизматларни ўз ичига олиб, кунига 300 нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Бундан ташқари аҳолининг турли қатламлари, жумладан, кексалар,шунингдек, кўзи ожиз шахслар учун тактил плиткалар, бино режасининг Брайль алифбосида тақдим этилган маълумот столи, ногиронлар аравачасида ҳаракатланувчилар учун мослаштирилган стол ва бошқа қулайликлар яратилган.

— Бу ерда аёллар бепул юридик ёки психологик ёрдам, янги кўникмаларни  ривожлантиришлари ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун маслаҳат олишлари мумкин. Давлат хизматлари марказида ёшлар ўзларини кўнгилли сифатида синаб кўриш имконияти бор, ҳар қандай ташриф буюрувчи эса онлайн хизматлардан фойдаланиш бўйича  зарур билимларга эга бўлиши мумкин — дейди БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича минтақавий ­бюроси директори Ивана Живкович.

Фуқаролар айниқса, аҳолининг энг заиф қатламларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши бўлиб келмоқда. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг оғирини енгил қилиб, вақтини тежашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фотима АБДУРАИМОВА.