Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бир гуруҳ масъуллар, соҳа раҳбарлари, шунингдек, депутатлар билан бирга Қораўзак туманидаги Қораўзак овул фуқаролар йиғини ҳудудида ўз томорқасидан самарали фойдаланаётган Қувондиқ Ақулов хонадонига ташриф буюриб, у ерда амалга оширилаётган ишлар
билан яқиндан танишди.
Қувондиқ Ақулов сув танқислигига қарамасдан неча йиллардан буён уйи олдидаги 20 сотих томорқасидан оқилона фойдаланиб, даромад олиб келмоқда.
Ер майдонида мева, полиз экинлари, боғдорчилик маҳсулотларини етиштириб, оиласидан ортганини эса овулдагилар ҳамда бозорга олиб чиқиб, даромадига даромад қўшмоқда. У сув етишмаган пайтларда ҳам томорқасини артезиан қудуқ орқали суғориб келган.
Бундан ташқари, сувнинг мунтазам етиб келишини таъминлаш мақсадида артезиан қудуқ қазиб берилмоқда.
Жорий йил республикамизда сувнинг тўғри тақсимланиб, назоратга олиниши натижасида энг чекка, олис ҳудудларга ҳам сув етиб борди. Жумладан, Қораўзак овул фуқаролар йиғини ҳам сув билан таъминланди.
Мамлакатимизда томорқа ердан унумли фойдаланишни ташкил қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулар қаторида Қувондиққа жорий йилда қўшимча яна 15 сотих экин майдони очиб берилиб,сув сақлагич ҳам қазиб берилди.
Бугунги кунда далаларда маҳсулотлар бир текис пишиб етилмоқда. Қўшимчасига томорқанинг бир чеккасида қуён боқилмоқда. «Ерни боқсанг, ер сени боқади» деган мақол бежиз айтилмаганидек, ер эгаси ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб келмоқда.
— Сувнинг келиши менга ҳам куч-қувват, ғайрат бағишлади, — дейди Қувондиқ Ақулов. — Қишда ҳам бекор ўтирмай иссиқхонада ниҳол етиштириш билан шуғулланаман. Иссиқхонада етиштирилган ниҳолларни эрта баҳорда бозорга олиб чиқаман, қолаверса, томорқамга ҳам ўзим парваришлаган ниҳоллардан экаман.
Ер билан тиллаша олган деҳқон такрорий экиндан ҳам маҳсулот ола бошлаганини фахр билан тилга олди.
Жўқорғи Кенгес Раиси Қ.Ақуловнинг боғида бўлиб, ердан самарали фойдаланишда у кишининг тажрибасидан ҳар бир хонадон ўрнак олиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



