ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ РАИСИ АМАНБАЙ ОРИНБАЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 32 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ


Ассалому алейкум, ҳурматли дўстлар!

Азиз Ватандошлар!

Қадрли меҳмонлар!

Энг аввало, ушбу юксак минбарда туриб Сизларни ва Сизлар орқали бутун халқимизни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан юртимиз тарихидаги  қутлуғ сана, энг улуғ ва энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами билан қизғин табриклашга рухсат этгайсизлар!

Ҳурматли Ватандошлар!

Барчага маълумки, жорий йилги мустақиллик байрами ҳурматли Президентимизнинг махсус қарори асосида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилмоқда.

Мазкур шиор кўнгилларга ўзгача шукуҳ бағишлаб, келажакка бўлган ишончни янада мустаҳкамлаши билан бирга, бутун халқимизни эзгу мақсадлар ва бунёдкорлик ишларига руҳлантираётгани билан аҳамиятлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизни ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимиз ижросини таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.

Шу асосда мард ва бағрикенг халқимиз ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида  тараққиётнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс­га ишончли қадам ташламоқда.

Жумладан, мустақил юртимизда ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган бахтли ҳаёт ва ёрқин келажакка етакловчи аниқ мақсадлар асосида халқимиз ҳаёти, шаҳар ва овулларимиз қиёфаси кун сайин ўзгариб,  янгиланиб бормоқда.

Айниқса, ёшларимиз, хотин-қизларимиз ва тадбиркорларимизга олдин бўлмаган кўпгина имтиёзларнинг берилиши, 252 та фуқаролар йиғинларидаги 289 та  инфратузилма объектларида деярли 294 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларининг олиб борилиши, ёшларимизнинг олий таълим муассасаларига кириши учун 10 мингта квотанинг ажратилиши, хорижда таҳсил олаётган талаба-ёшларимизнинг ўқишини юртимизга кўчириш амалиётининг йўлга қўйилиши, шаҳар ва  туманларимизда жами 21 мингдан зиёд турар-жойларда 350 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларининг амалга оширилиши-булар олдин  ҳеч қачон бўлмаган тарихий воқеалардир.

Қолаверса,давр қаҳрамонлари, иқтисодиётимиз драйвери саналган қорақалпоғистонлик тадбиркорларга қаратилаётган эътибор ва уларга берилаётган имтиёзлар учун қанчалар миннатдор бўлсак арзийди!

Қорақалпоғистонга бўлган бундай оталарча ғамхўрлик учун бутун халқимиз номидан ҳурматли Президентимизга минг-минг раҳматлар айтамиз!

Қадрли дўстлар!

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудлари қаторида Қорақалпоғистон ҳам катта бунёд­корлик майдонига айланиб бормоқда.

Мана, жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастури асосида деярли 638 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 94 та  ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фақатгина Нукус шаҳрининг ўзида пойтахтимизниг меъморий қиёфасини янгилаш ва халқнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида 30 дан зиёд кўп қаватли уй-жойлар қад ростлаётган бўлса, қишлоқ жойларида халқни замонавий ва ихчам турар-жойлар билан таъминлаш мақсадида Қораўзак, Кегейли ва Қонликўл туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларида 23 та кўп қаватли турар-жойлар янгидан  бўй тикламоқда.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган ҳар бир ташрифи халқимиз учун беҳисоб ризқ-насиба, давлат, бахт ва иқбол олиб келмоқда.

Жумладан, жорий йил март ойидаги ташриф доирасида берилган топшириқлар асосида, Вазирлар Кенгаши ҳузурида маданиятни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил қилиниб, унга 20 миллиард сўм ажратилиши, 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратиш, кадастри йўқ 43 мингдан зиёд турар-жойларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш, 4 мингта турар-жой қуриш ҳамда замонавий лойиҳалар асосида 4 минг якка тартибдаги турар-жойлар қуриш учун 4 сотихдан ер ажратиш,фуқароларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун  бериладиган ерларда чорвага озуқа етиштириш учун 5 гектаргача ажратиш сингари бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Бундан ташқари,ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан келгуси 7 йил ичида Қорақалпоғистонда амалга ошириладиган бир қатор режалар ҳам белгиланди. Жумладан, келгуси йили қорақалпоқ мумтоз адабиётининг забардаст вакили Ажинияз Қосибай ўғлининг 200 йиллиги муносабати билан маънавият ва адабиёт байрамини ўтказиш, Мўйноқ туманида Ажинияз номидаги экопарк барпо қилиш, Беруний бобомизнинг 1050 йиллигини халқаро миқёсда нишонлаш, келгуси 7 йилда қўшимча 30 та янги мактаб, 150 та мактаб учун қўшимча бино барпо қилиш ҳамда 350 та мактабни таъмирлаш орқали қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўринларини яратиш, Қорақалпоғистонда агротехнологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳамда Нукусда рақамли технологиялар институтини очиш, келгуси йилдан бошлаб Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шўманой, Қўнғирот туманларида фаолият юритаётган тиббиёт соҳаси ходимлари иш ҳақига 200 фоизлик устама тўлаш, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида мавжуд бўлган барча  замонавий тиббий хизматларни келгуси йилларда Нукус шаҳрида ҳам йўлга қўйиш сингари фахрланишга арзигулик ишларнинг амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб, чексиз ва бебаҳо қўллаб-қувватлаганлари учун бутун халқимиз номидан ҳурматли Президентимизга яна бир бора минг-минг раҳматлар айтамиз!

Азиз ватандошлар!

Бугунгидек янгиланишлар ва ривожланишлар даврида юртимизда юз бераётган кенг кўламли эзгу ишларга ҳисса қўшиш, халқимизнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилиш, миллатлараро тотувлик, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, асосий бойлигимиз бўлган тинчликни сақлаш,унинг қадрига етиш, ҳурматли Президентимизнинг халқимизга бўлган ғамхўрлигига фидоий меҳнатимиз билан жавоб қайтариш — бу ушбу элда яшаб меҳнат қилаётган ҳар бир инсон учун муқаддас бурч ва фарз бўлиши лозим!

Осмони мусаффо, табиати бой,кўп миллатли халқи бағрикенг, доно Юртбошиси бор Ўзбекистондек юртда яшаш-бу катта бахт!

Барчангизни яна бир бора  Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами билан қизғин муборакбод қиламан.

Сизларга мустаҳкам саломатлик, хонадонларингизга омонлик тилаб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёти йўлидаги барча ишларингизда муваффақиятлар тилайман!