МУКОФОТЛАР ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан турли соҳаларда самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ қорақалпоғистонликлар давлат мукофотлари билан тақдирланган эди.

29 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Жўқорғи Кенгес Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, юртимиз тараққиёти йўлида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган ватандошларимиз ҳар доим Президентимиз эътиборида эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш бўйича фақатгина Қорақалпоғистон учун қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани, шулар  асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, байрам арафасида бундай рағбатлантириш давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир ифодаси бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар камтарона меҳнатининг муносиб баҳолангани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов қатнашди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.