Ёмғирлатиб суғориш — энг самарали усул


Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан “­алла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш – бугунги кун талаби, ҳаётий зарурат” мавзусида пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб, Тахиатош туманидаги “Туреев Султамуратбий” фермер хўжалиги ғалла майдонларига жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси билан яқиндан танишдилар.

— ­алла экиладиган майдонлари тўлиқ лазер ускунаси билан текислаб, 2021 йил 25,9 гектарга ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Султанмурат оға Туреев. — Ўтган йил Қорақалпоғистон шароитида ғаллани ёмғирлатиб суғориш энг самарали усул эканлигига амин бўлдик. Бу фақатгина сувни тежаб қолмасдан ҳосилдорликни оширишга жуда катта ҳисса қўшади. Деҳқонларимиз яхши билишади ҳудудимизда айни ғалла ҳосил тўплаш пайтида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво бўлади. Анъанавий суғориш учун кўп миқдорда сув ва вақт кетади. Биз тажрибамизда кўрдикки, шу пайтда вақти-вақти билан ғалла майдонлари ёмғирлатиб суғорилса, иқлимни нисбатан салқинлатиш ва ўсимлик учун зарур бўлган намликни беради. Ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилган далаларда ҳар бир қатордаги қувурларни алоҳида бошқариш имконияти борлиги, бу ишни осон ва қисқа муддатда, кам сув билан амалга оширишга хизмат қилади. Шу тариқа юқори ҳосил олиш имконияти яратилади.

Пресс-тур иштирокчилари “Қаттағар-Бўзатов” ирригация тизими бошқармасига қарашли Нукус туманида жойлашган гидроиншоот ҳамда жорий йилда реконструкция ишлари якунига етказилаётган “Анасай” магистраль каналининг реконструкция ишлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи иккита йирик каналнинг бири, халқ тилида “Қаттағар” дея номланувчи “Анасай” магистраль каналини реконструкция қилиш ишлари 2018-йилда бошланган эди. Ушбу объектда лойиҳа доирасида Бош пудратчи ташкилот “Бунёдкор Мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан каналнинг 13,6 километр қисмида реконструкция ишларини олиб бориш белгиланган. Айни кунларда объектда бир неча экскаватор ва махсус техникалар реконструкция ишларини якунлаш бўйича каналнинг охирги қисмларида қазиш ишларини бажармоқда.

Мазкур канал қурилганидан буён – қарийб 33 йилгача қазиб тозаланмаганлиги, йиллар давомида лойқа сув оқиб туриши туфайли канал ўзани бир неча баробар кичрайган. Оқибатда каналнинг ўртача сув ўтказиш қобилияти секундига 100 метр кубгача пасайган эди. “Анасай” магистраль каналида реконструкция ишлари якунлангач, сувдан фойдаланиш коэффициенти 30 фоиздан 85 фоизгача ошади.

Пресс-тур доирасида журналистлар учун дала шароитида матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Назаров, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи, республикага бириктирилган вакил Н.Атақулов ва  Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирнинг биринчи ўринбосари А.Уразимбетовлар сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига атрофлича жавоблар беришди.

Ғайрат Отажонов.