БАЙРАМГА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ


Ўтган 2018 йилда бошқа соҳалар каби Қуролли Кучлар тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йилнинг 9 январида  “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринасида мамлакатимизнинг ҳарбий қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувлар акс эттирилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёев Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли Нукус горнизонида бўлгани ва Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси билан танишиб, ҳарбийлар билан мулоқот қилгани йилнинг муҳим воқеаларидан бўлди.  Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан кўп ўтмай 2018 йил 4 декабр­да Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши чиқди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ички ишлар, Мудофаа вазирлигини ва Миллий гвардия кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда туну кун жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга жалб қилинадиган янги тизим жорий қилинди. Бу янги тажриба Қорақалпоғистондан бошланди.  Бундан буён ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашишда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳам ҳамкорликда фаолият олиб боради ва кейинчалик ушбу тизим барча ҳудудларда жорий қилиниши кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Президентимизнинг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойишига кўра барча ҳудудларда байрам тадбирлари ўтказилмоқда.

Фармойишга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлигини 2018 йил 15 декабрдан 2019 йил 15 январга қадар ўтказиш бўйича тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бу  сафарги байрам тадбирлари ташкилий жиҳатдан олдингиларидан ташкилий ва  мазмунан фарқ қилиши кўзда тутилган. Ишчи гуруҳ ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда дас­турда белгилаб берилган байрам тадбирларини «Ватан  — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» деган умумий ғоя остида юксак савияда амалга ошириш, давлат ва  жамоат ташкилотларининг раҳбарлари томонидан ўзлари таҳсил олган олий таълим муассасалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва  умумтаълим мактабларида «Мардлик ва  жасорат» мавзусидаги дарслар ўтказиши белгиланган.

Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ҳарбий қисм командирининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, тарғибот гуруҳларининг таркиби ва тадбирларни амалга ошириш режси ишлаб чиқилди. Мазкур режага кўра ҳарбий қисмимизнинг байрам тадбирлари 16 декабрь куни Нукус шаҳрида “Ватанпарварлик марафони” билан бошланди.

Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида «Ватан  — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” шиори остида ҳудудлардаги ёшлар иштирокида турли тадбирлар ўткзилмоқда. Жорий йилги байрам тадбирлари кўргазмали чиқишлар асосида кенг кўламда ўтаётганлиги туфайли барчага, айниқса ёшларга ўзгача кўтаринкилик, Ватанпарварлик руҳини бағишламоқда.

Таъкидлаш лозимки, ўтган қисқа даврда Қуролли Кучларимизнинг ташкилий тизимини такомиллаштириш, Қуролли Кучлар фаолият кўрсатадиган соҳаларга бевосита тааллуқли бўлган турли масалалар бўйича халқ билан ҳамкорлик қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва Ватан ҳимоячилари куни байрамини муносиб кутиб олишга қаратилган бу каби байрам тадбирлари республикамизнинг барча ҳудудларида давом қилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бутун хал­қимизни, ҳарбий хизматчиларни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами билан самимий муборакбод қиламан.

О.Мамадалиев,

Ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник.