Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари «Нукус» халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони таркибига келиб қўшилган ёш аскарларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Г.Қурамбаев Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонининг табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари И.Ахмедов, аскар ота-оналари номидан А.Бекманов, З.Ембергенова, П.Кемалов, аскар П.Тажибаев сўзга чиқиб, ёш аскарларни муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли ўтаб, ота-оналарининг ишончини оқлаган ҳолда юртимиз ривожига ўзларининг муносиб улушларини қўшишга чақирди.
Таъкидланганидек, сўнги йилларда Президентимиз, Қуролли Кучларимизнинг Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳарбий соҳада «Миллий армиямиз – бизнинг фахр ва ғуруримиз» шиори остида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу боис бўлса керак, бугунги кунда Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш ҳар бир ёшнинг орзусига айланган.
Ёш аскар Қуролли Кучлар сафига кирар экан, қўлига қурол олиб, Ватанига, халқига, Президентига содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қабул қилади. Ҳарбий қасамёдга содиқ бўлиш энг аввало аскарларнинг Конституцион бурчи ва вазифасидир.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тезкор вазифаларни бажариш мобилизация отряди ходимларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Тантанали маросим Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Арал жулдызлары» ансамбли аъзолари ижросидаги концерт дастури билан якунланди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



