Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш, уларни ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва телекоммуникациялар соҳасида хавфсизлик бўйича давлат инспекцияси “Техник ёрдам маркази” ДУК (Марказ) бўлим бошлиғи А.Абдуллаев, бош мутахассиси Д.Ельманов ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан республикада электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берди.
Семинарда давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот хавфсизлиги бўйича ички меъёрий ҳужжатларнинг йўқлиги, ахборот хавфсизлигига масъул ходимлар тез-тез алмашиб туриши, ахборот хавфсизлиги бўйича мониторинг ишлари яхши олиб борилмаётганлиги каби бир қатор муаммолар таъкидланиб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Семинар иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
