Нукусда «Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида ногиронлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда туман ва шаҳарлардан келган ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ишлаб чиқарган ҳунармандчилик, зардўзлик, тикувчилик, атторлик маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Худайбергенов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси П.Даулетярова ва бошқалар сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, турмуш тарзини яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.
Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш самарадорлигини ошириш, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, иш билан таъминлаш ва бошқа долзарб масалалар назарда тутилган. Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган «Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳасининг мақсади, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятимизда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишдан иборат.
— Жамиятимизга қарашли «Мўътабар-Зулайҳо» шўъба корхонаси 2016 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда унда 30 нафар, шу жумладан, 17 нафар ногиронлиги бўлган шахслар касаначи тикувчилик, уста-дурадгорлик, тўқувчилик, қандолатчилик билан шуғулланиб келмоқда, — дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Беруний туман бўлинмаси раиси Зулайҳо Каримова.
Ярмарка доирасида 10 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ногиронлик аравачалари, қўлтиқ таёқлар, эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Давуд АБИБУЛЛАЕВ.



