СЎЛИМ ОРОМГОҲДАГИ СЕРМАЗМУН КУНЛАР


Ёзги таътилда кимдир сўлим оромгоҳларда мириқиб дам олишни, яна кимдир тўгаракларда ўзи ёқтирган машғулотлар билан шуғулланишни, кимдир эса қариндош-уруғларини зиёрат қилишни, яна кимдир китоб мутоала қилишни хуш кўради. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам таътил мазмунли ва мароқли ўтиши, болажонлар ёдида унитилмас воқеаларга бой бўлиши лозим.

Бугунги кунда республикамизда 60 та болалар дам олиш марказлари мавжуд бўлиб, уларда 27 минг 590  нафар боланинг дам олиши белгиланган.  Шунингдек, 50 та маданият ва спорт  соғломлаштириш марказларида 22 минг 100 нафар бола соғломлаштирилиши назарда тутилган.

Мана шундай сўлим масканлардан бири Нукус шаҳар Халқ таълими бўлимига қарашли “Ёш авлод” болалар дам олиш ва соғломлаштириш марказидир.

Мазкур оромгоҳга ташриф буюрар экансиз, масканнинг сўлим табиати, болажонлар учун яратилган шароитлар, уларнинг бўш вақтларини қизиқарли ва мароқли ўтказиш учун ташкил қилинган тўгараклар, турли соҳа мутахассислари иштирокидаги тадбирлар, энг асосийси болажонларнинг оромгоҳ ҳақидаги илиқ таассуротларидан беихтиёр кўнглингиз ёришади.

— Жорий йилда бу ерда 5 сменада 425 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган бўлиб,  уларга 4 нафар малакали тарбиячилар бириктирилган, — дейди “Ёш авлод” болалар дам олиш ва соғломлаштириш маркази директори Қидирбой Нуратдинов.  — Оромгоҳда тарбияланувчиларга сифатли тиббий-профилактик хизмат кўрсатиш, жамоат тартибни сақлаш, уларнинг тиббий билимларини ошириш, турли хил маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларини ташкил этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.

Хусусан, ички ишлар бўлими, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ёнғин ­хафвсизлиги ходимлари, тиббиёт мутахассислари ҳамда хал­қимизнинг таниқли ёзувчи-шоирлари иштирокида ўтказилаётган тадбирларда болажонлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

Оромгоҳда “Моҳир қўллар”, “Ёш математиклар”, “ Чет тилини ўрганамиз!”, “Ёш спортчилар”, “Тасвирий санъат” каби тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

Айниқса, спорт бўйича ўтказилаётган мусобақалар болажонларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Мен Нукус шаҳридаги 26-мактабда ўқийман. Ушбу оромгоҳ ҳақида дўстларимдан эшитиб ташриф буюрдим. Бу ер менга жуда ёқди, таассуротларим катта. Спортга қизиққаним боис, бу ерда ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок этиб келаяпман. Бу йилги таътил мароқли ўтмоқда, — дейди  Фазилатдин Нурсимуратов.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш борасида мазкур оромгоҳда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, болажонлар орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, китоб ўқиш маданиятини шакллантириш, китобхонлар сафини кенгайтириш, оромгоҳ тарбиячиларининг доимий эътиборида. Шу боис, болажонлар иштирокида “Мен ўқиган китоб”, “Энг ёш китобхон”, “Китоб ва олам”, “Китоб қандай сақланади?” “Қизиқарли китоб­лар дунёси” каби танловлар ва маънавий-маърифий кечалар ўтказилмоқда.

Оромгоҳда ташкил этилган кутубхонада ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилидаги жами 1400 дона бадиий китоблар мавжуд.

Маълумки, ёз мавсумида сархил мевалар ғарқ пишиб, сув ҳавзаларида чўмилиш болажонларнинг севимли машғулотига айланади. Мана шундай пайтларда организми суст, нимжон болаларда турли касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Бу борада оромгоҳда қандай тизимли ишлар ташкил этилгани билан қизиқдик.

— Дарҳақиқат, айни дамда юртимиз аҳолиси ёз неъматларидан баҳраманд бўлмоқда. Болаларнинг бирон бир касалликка чалиниб қолмасликлари учун, айниқса ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олиш, умуман болаларнинг таътилни мароқли ўтказишлари ҳамда соғ-саломат ўз уйларига қайтишлари учун биз назоратни янада кучайтириб, ҳар бир болага эътибор билан қараймиз. Уларни ҳар куни эрталаб тиббий текширувдан ўтказиб, саломатлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Шахсий гигиена, тозалик ҳақида   тушунтириш ишлари олиб борилади. Тиббиёт хонамиз етарлича дори воситалари билан таъминланган. Соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида болажонларнинг овқат рационига алоҳида эътибор берилади. Жисмоний машғулотлар, ўз вақтидаги уйқу ҳам уларнинг саломатлигини мустаҳкамлайди. Шунингдек, кунига икки маҳал сув ­ҳавзасида чўмилиши белгиланган, — дейди Оромгоҳ шифокори Замира Аметова.

Дарҳақиқат, “Ёш авлод” оромгоҳи болажонларнинг севимли масканларидан биридир. Зеро, бу ерда болажонлар мириқиб, завқли дам олишмоқда. Уларнинг таассуротлари бир олам.

Зебо Дамирова,

ҚДУ талабаси.