Республикамизда халқаро “Олимпия куни”га бағишланган спорт ҳафталиги кенг нишонланди. Тадбир доирасида Нукус шаҳри ҳамда туманларда спорт мусобақалари, таниқли спортчилар ва фахрийлар билан учрашувлар ўтказилди.
Нукус шаҳридаги Амфитеатрда спорт ҳафталигининг якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев сўзга чиқиб, йиғилганларни “Олимпия куни” ва спорт ҳафталиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.
Таъкидланганидек, республикамиз ҳудудида оммавий спорт тадбирларини ўтказиш бўйича иш режасига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда 1552 та турли хил спорт мусобақалари ўтказилди. Уларда 118 минг 255 нафар фуқаро ва спортчи иштирок этди. Шунинг натижасида жорий йилда Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб бўлган 28 нафар спортчи олий ўқув юртларига ўқишга имтиёзли қабул қилинадиган бўлди.
Республикамиздан Ўзбекистон терма жамоаси таркибига 422 нафар спортчи (шундан 231 нафари қизлар) қабул қилинган. Спортчиларимиз шу йилнинг ўтган ойлари давомида жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида, халқаро турнирларда 611 та медални қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “2020 йили Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини муносиб тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича республика комиссияси тузилди.
Шунингдек, Олимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича 2017-2020 йилларга мўлжалланган Дастур ишлаб чиқилди.
Иқтидорли спортчиларни танлаб олиш мақсадида шаҳар ва туман ҳудудларида республика миқёсида мусобақалар, терма жамоа таркибига қабул қилинган спортчилар билан мунтазам равишда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
2020 йили Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига республикамиздан 31 нафар ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига 2 нафар спортчи йўлланма олиш учун мусобақаларга қатнашмоқда.
Тадбирда спорт ҳафталигида фаол қатнашиб, номинация ғолиби деб топилган Тахиатош туманидаги 15-сонли мактабгача таълим муассасаси, Нукус шаҳридаги 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Нукус шаҳридаги 24-сонли умумтаълим мактабига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан совғалар топширилди.
Юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилган, — дейди, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори, оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони Алишер Раджапов. — Келажакда жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида иштирок этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Тадбир республикамиз санъат усталари ижросидаги гала концерт билан якунланди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги
шарҳловчиси.



