МУЗЕЙ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


Жорий йил 29 август куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги, музей биносининг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.

Шундан кейин Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Г.Аннақличева, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоби, таниқли бастакор Н.Муҳамеддиновлар бу музей тарихи, миллий меросларимиз ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодларга етгазишдаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан маданият, адабиёт, санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ­И.В.Савицкий номидаги ­давлат санъат музейи, Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар ва Қўғирчоқ театр­лари, Мўйноқ тумани маданият бўлими, Амфитеатр ва бошқа иморатларда қилинган қурилиш ва реконструкция ишлари бунинг ёрқин мисолидир. Нукус шаҳрида янгидан қуриб битказилган Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи биноси шаҳримизнинг кўркига-кўрк қўшиши билан бирга, ­халқимизни, шу жумладан ёшларимизни тарихимизга, маданиятимизга, миллий урф-одат ва анъ­аналари­мизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Ҳақиқатан ҳам, музей халқнинг ўтмишидан бугунги кунгача сақланиб келган шажарасидир. Шундай экан музей орқали шу ўлкада умргузаронлик қилаётган халқнинг тарихини, ҳар бир давр руҳини ҳис қилишимиз мумкин. Маълумки, қаерда маданий ва тарихий мерос қадрланса, кўз қорачиғидек авайланса, шу ернинг фарзандлари комил инсонлар бўлиб вояга етади.

Халқимизнинг чуқур илдиз отган бой тарихини, санъат асарларини ўзида жамлаб, деярли 90 йилдан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган, бой экспонатларга эга собиқ Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейига  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги тегишли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва  маданияти давлат музейи номи берилди. Қарор ижросини таъминлаш доирасида 2017-2027 йилларда музей биноларини қуриш,  реконструкциялаш, йирик таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастури қабул қилинди. Шу асосда музейнинг янги биноси қурилиши бошланиб, уни «Нукус уй жой қурилиш» масъулияти чекланган жамияти жамоаси қурувчилари сифатли қуриб битказиб, юртимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан халқимизга совға қилди.

— Бундай эътибор ва ғамхўрлик республикамизда тарих, этнография, маданият, санъат ва экология йўналишидаги ички туризмни янада ривожлантириш, республикамизга ташриф буюраёт­ган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, бу ердаги экспонатларни авайлаб сақлаш ҳамда уларни ёш авлодларга таништириб боришдек эзгу вазифаларни юклайди, — дейди музей директори Венера  Матекеева. — Миллий архитехтура намунасида қурилган иморатда барча қулай шароитлар яратилган. Жумладан, 7 та замонавий  жиҳозлар ўрнатилган фонд бўлинмаси,  витрина, ёруғлантирувчи аудиогидлар билан таъминланган кўргазмалар зали ташриф буюрувчилар хизматида.

Музей олдида тортилган алвон лента кесилиб, тадбир иштирокчилари янги иморатдаги шароитлар, бу ерга қўйилган экспонатлар билан танишди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.